АсосийJamiyat

Лувр музейи билан ҳамкорликда яратилган "Ўзбекистон. Марказий Осиё бўйлаб замонлар оша саёҳат" номли фильм тақдим этилди 

'Лувр музейи билан ҳамкорликда яратилган "Ўзбекистон. Марказий Осиё бўйлаб замонлар оша саёҳат" номли фильм тақдим этилди 'ning rasmi

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Франциянинг "Les Poissons Volants" кинокомпанияси, "ARTE" телеканали  ва Лувр музейи билан ҳамкорликда яратилган "Ўзбекистон. Марказий Осиё бўйлаб замонлар оша саёҳат" номли янги ҳужжатли фильмини тақдим этди. Бу ҳақда ”darakchi.uz” мухбири хабар бермоқда. 

Режиссёр Живко Даракчиев ва сценарий муаллифи Ив Ниллининг мазкур ижод маҳсули томошабинларни Ўзбекистоннинг ғаройиб жойлари тарихи, урф-одатлари, сир-синоатлари  уммонига ғарқ қилиб, бой маданиятимиз билан таништиради.

“Ўтмиш ва ҳозирги куннинг ҳайратланарли жилоларини акс эттирган ушбу фильм қаршимизда янги истиқбол эшикларини очади", – дейди С.Мирзиёева.

Қайд этилишича, Тошкентда ўтказилган фильм премьераси Луврда уюштирилаётган "Ўзбекистон воҳаларининг хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида" номли кенг кўламли кўргазмасининг очилиш маросими билан бир пайтга мўлжалланган.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан Луврда уюштирилаётган кўргамага уч йил пухта тайёргарлик ишлари олиб борилди. Бир қанча ўзбек-француз қўшма экспедициялари бўлиб ўтди, улар давомида кўплаб археологик тадқиқотлар ўтказилди. Бундан ташқари, Лувр реставраторлари ва мамлакатимиз мутахассислари бир неча босқичда кенг кўламли реставрация ишларини олиб борди.

Реставрация қилинган буюмлар орасида Самарқанддаги Кофир-қалъа қадимги шаҳар қолдиқларидан топилган, куйиб кўмирга айланган ва VI-VII асрларга мансуб ёғоч лавҳ алоҳида ажралиб туради. Мутахассислар томонидан ушбу ёғоч лавҳнинг олд қисмлари тозаланиб, реставрация қилинган, лавҳнинг ўзи еттита лавҳ қисмлари билан бирлаштирилди.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан реставрация ишлари учун Лувр музейи мутахассиси Дельфин Лефеврни жалб қилди. Хорижлик мутахассис Я. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтининг етакчи илмий ходими Марина Реутова билан ҳамкорликда ишлади.

Кофир-қалъадан топилган ўймакор нақшлар билан безалган, куйиб кўмирга айланган лавҳни консервация қилиш Сўғд тасвирий санъатининг ушбу ноёб ёдгорлигини сақлаб қолиш, лавҳларда тасвирланган сюжетларни ўрганиш, шунингдек VII аср ва VIIII аср бошидаги Самарқанд ҳукмдорлари қароргоҳида тахт ўрнатилган хонанинг архитектура безакларини график реконструкция қилиш имконини берди.

 Шунингдек хом лойдан ясалган “Гулчамбар таққан Будда” ҳайкалига ҳам (милоддан аввалги I аср – милодий I аср) реставрация ишлови берилди, экспонатнинг уст қисми тозаланди ва зарарланган қисмлари мастика билан қопланди. Бундан ташқари, Ислом оламининг ноёб объекти ва энг муҳим қўлёзмаларидан бири бўлган XIII асрга мансуб  Катта Лангар Қуръонининг 13 саҳифаси реставрация қилинди. Ушбу Қуръон узоқ вақт Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Лангар-ота масжидида сақланган ва Ислом оламидаги энг қадимий Мусҳаф қўлёзма нусхаларидан бири ҳисобланади. 

Жамғарма таклифига биноан муқаддас қўлёзмани реставрация қилиш ишлари Лувр музейи реставраторлари Аксель Делау ва Аурелия Стрери томонидан амалга оширилди. Маҳаллий мутахассислардан Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг бошлиғи Комолиддин Маҳкамов, А. Навоий номидаги Миллий кутубхона ахборот ва кутубхона ресурсларини реставрация қилиш бўлими бош мутахассиси Шуҳрат Пўлатов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг етакчи мутахассиси Саидаҳмат Икрамов реставрация ишларида иштирок этди. Шундай қилиб, реставрация жараёнида Жамғарма маҳаллий мутахассисларнинг ушбу соҳадаги етакчи хорижий мутахассислар билан ўзаро ҳамкорлиги ва тажриба алмашиши учун шароит яратди.

Экспонатларни реставрация қилиш жараёни бошидан охиригача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида амалга оширилди.

Умуман олганда, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Франция мутахассислари билан ҳамкорликда Лувр музейида ўтказиладиган кўргазмага тайёргарлик кўриш учун 70 та экспонатни реставрация қилиш ташаббуси билан чиқди.

"Францияга бир йилда 60 млн, Луврнинг ўзига 10 млн дан кўпроқ сайёҳ ташриф буюради. Кўргазма орқали Ўзбекистонга, унинг маданияти ва тарихига нисбатан қизиқиш ортишига ишонамиз. Бу туризмни ривожлантиришда катта реклама вазифасини ўтайди", — дейди Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим Миноваров.

2023 йил 6 мартгача ташкил этиладиган мазкур кўргазмада мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид энг сара топилмалар, жами 320 дан ортиқ нодир экспонатлар намойиш этилади. Қадимги Варахша, Афросиёб деворий суратлари, VIII-X асрга оид "Катта Лангар Қуръони" каби ноёб осори атиқалар шулар жумласидан.

 

 

    Бошқа янгиликлар