АсосийЖАМИЯТ

Бу йилги куз-қиш мавсумини қандай ўтказамиз? Ёхуд "свет", газ масалаларида барқарорлик юзасидан ҳисобот берилди

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев бугун, 24 октябрь куни куз-қиш мавсумида иқтисодиёт тар...

'Бу йилги куз-қиш мавсумини қандай ўтказамиз? Ёхуд "свет", газ масалаларида барқарорлик юзасидан ҳисобот берилди'ning rasmi

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев бугун, 24 октябрь куни куз-қиш мавсумида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа муассасаларининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда энергетика вазири ва вилоят ҳокимлари айни борада қилинган ишлар бўйича ҳисобот берди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, аҳолини, аввало, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш чоралари кўрилмоқда. 

Бунинг учун IV чоракда 21 миллиард киловатт соат, келгуси йил бошида қарийб 22 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқариш режалаштирилган. Шунингдек, куз-қиш мавсумида аҳолига 10 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилиши белгиланган.

"Давлатимиз раҳбари бу жараёнда исрофга йўл қўймаслик учун газ қудуқларидан истеъмолчигача бўлган тизимни тўлиқ рақамлаштириш бўйича кўрсатма берди", — дейилади хабарда.

Қай этилишича, табиий газ тармоғидан узоқдаги қишлоқ ва овуллар, ижтимоий объектларга суюлтирилган газ ва кўмир етказиб берилади. 

Президент жараёнда қайси ҳудудга яна қўшимча захира керак бўлса, таъминлаб берилишини таъкидлаган.

"Барча тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари бу масалада масъулиятини икки карра ошириб, аҳолини рози қилиши, ҳеч бир мурожаатни эътиборсиз қолдирмасдан, тезкор ҳал этиши лозим", – дейди Шавкат Мирзиёев.

Маълум қилинишича, Энергетика вазирлигига аҳолининг энергия манбалари билан таъминланганлик ҳолатини реал вақт тартибида мунтазам назорат қилиб бориш топширилди. 

Йиғилишда корхоналарни молиявий соғломлаштириш, тижорат банкларининг барқарорлигини ошириш масалаларига тўхталиб ўтилди. Кредитлар эвазига ишга туширилган лойиҳаларни тўлиқ қувватга олиб чиқиб, уларнинг муддати ўтган қарздорлигини камайтиришга кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилгани айтилади.

    Бошқа янгиликлар