Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида ўзганинг уйига ўғриликка тушган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда «Замон» информацион дастурида маълум қилинди.
Жиноятчилар уйда ҳеч ким йўқлигини билган ҳолда эшикни калит танлаш йўли билан очиб, ичкарига кирган. Буни пайқаб қолган қўшнилар уй эгаларига қўнғироқ қилган. Хонадон эгалари келганидан хабар топган ўғрилар қочиб қолишган. Улар хонадонда бўлган 16,7 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни олиб қочишга муваффақ бўлишган.
Фуқаро Маҳмудов ва Комилов бошчилигидаги жиноий гуруҳ бир нечта хонадонга ўғриликка тушган. Улар Бухоро шаҳридаги хонадон эгаларининг 52,2 миллион сўмлик телефон аппарати, тилла буюмлари ва пул маблағларини ўғирлаб кетишган. Шунингдек, улар Қўқон шаҳар "Бандиешон" маҳалласидаги хонадонлардан кириб, хонадондан жами 325 миллион сўм пуллар ва умумий баҳоси 108 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни ўмарган.
Шу тариқа 6 та ҳолатда республиканинг турли ҳудудларида ўғрилик ва бошқа жиноятларни содир этиб, жабрланувчиларга жуда кўп миқдорда зарар етказган.
Бундан ташқари, улар жиноий ҳаракатларини давом эттириш ва яшириниш мақсадида айланма йўллар орқали Қирғизистонга қочиб кетган. Қўшни республикада ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ушланган. Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169- (ўғрилик) ва 223-моддалари (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Аввал ҳам қатор жиноятларда айбли деб топилиб, судланган фуқаролар Маҳмудов ва Комилов яна жазога тортилган. Хусусан, фуқаро Маҳмудов 9 йил 6 ой муддатга, унинг жиноий шериги Комилов эса 9 йилга озодликдан маҳрум этилган. Улар Жиноят кодексининг 34-моддасига (рецидив жиноят) асосан "ўта хавфли рецидивст" деб топилган.
Жиноят ишининг жиноий гуруҳни бошқа аъзоларига оид қисми алоҳида иш юритувга ажратилган.






