Aтмосферани, асосан, автомобиллар булғамоқда. Бугун, 27 октябрь куни АОКАда Давлат экология қўмитаси томонидан ҳамкор идоралар билан биргаликда “Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланиши ҳолатининг келиб чиқиш сабаблари ва кўрилаётган чоралар” мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида бу маълум қилинди.

Матбуот анжумани аввалида Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов, “Ўзгидромет” директори Ш. Ҳабибуллаев ва Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Н. Отабеков мавзу юзасидан йиғилган журналист ва блогерларга маълумот берган.
Қайд этилишича, бутун дунёда иқлим ўзгариши, ўртача ҳаво ҳароратининг кўтарилиши оқибатида атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирлар кузатилмоқда. Сўнгги 100 йил давомида глобал миқёсда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши 1,2 градусни ташкил қилган бўлиб, бизнинг минтақамизда бу кўрсаткич 2 градусга ошган.
Кейинги вақтларда Ўзбекистон ҳудудларида кузатилаётган қум-чанг бўронларига минтақамизда бўлаётган иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларидан бири сифатида қаралмоқда. Албатта, бундай ноқулай экологик ҳолатларга қарши курашиш барчадан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни талаб қилади.
Қайд этилишича, давлат экологик экспертизаси хулосаларида янги ишга туширилаётган ҳар бир объект бўйича самарадорлик даражаси 99,5 фоиздан ҳамда фаолият юритаётган самарадорлик даражаси 95,0 фоиздан кам бўлмаган чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш мажбурияти белгиланмоқда.
Таъкидланишича, автотранспорт воситаларидан атмосферага ташламаларни камайтириш мақсадида ҳар йили республикамиз бўйича
2 маротаба “Тоза ҳаво” ойлиги ўтказилиб келинмоқда.
Шунингдек, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида давлат экологик назорати тадбирлари амалга оширилмоқда.
"Хусусан, атроф-муҳитга таъсири юқори ва ўрта бўлган корхона ва ташкилотлар фаолияти устидан мунтазам равишда мониторинг амалга оширилмоқда. Сўнгги 2 йилда мониторинг дастурига киритилган корхоналар сони қарийб 2 баробарга кўпайиб, ҳозирги кунда қамраб олинган корхоналар сони 800 тани ташкил этмоқда.
Шундан, Тошкент шаҳрида 63 та объектлар мониторинг дастури доирасида экологик назорат тизими билан қамраб олинган.
Табиий муҳитни ифлослантирувчи манбалар бўйича экологик мониторинг кузатувлари Давлат экология қўмитасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган аналитик назорат маркази ва ҳудудий аналитик лабораториялари томонидан амалга оширилади", — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида жорий йилнинг ўзида 60 дан ортиқ субъектларда экологик назорат тадбирлари ўтказилиб, атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун 13,5 млрд сўм дан ортиқ компенсация тўловлари,шу жумладан, атмосфера ҳавосига меъёридан ортиқ ифлослантирувчи моддаларни ташлаганлик учун 2 млрд сўм дан ортиқ компенсация тўловлари белгиландган.






