Тошкент шаҳридаги "International hotel" меҳмонхонасида "СЎЗ" халқаро форуми доирасида "Маъно ва мазмун" номли илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. ЎзММА, ЎзЖОКУ ва Журналистлар ижодий уюшмаси билан бирга ўтаётган форумда Ўзбекистон медиа оламининг забардаст вакиллари, Япония, Корея, Россия, Туркия, Хитой, Тожикистон, Қирғизистон, Исроил давлатларидан 10 га яқин халқаро экспертлар ҳамда ЎзММАга аъзо нодавлат теле ва радиоканаллар раҳбарлари иштирок этди.
Халқаро форумда замонавий журналистика ривожининг янги трендлари, матбуотга эътибор, Ўзбекистонда журналист кадрлар тайёрлашдаги янгича ёндашув каби долзарб мавзуларда маърузалар тингланди.

Шерзодхон Қудратхўжа:
– Сўз тўғрисида уч кундан бери гаплашяпмиз. Бунинг учун барча иштирокчиларга миннатдорлик билдираман. Бугун ҳаммамиз бир жойда тўпланган эканмиз, сўзимизни бойитиш учун нималар қилишимиз керак? Қандай муаммоларимиз бор? Каби саволларга биргаликда жавоб излаш, фикр алмашиш имконимиз бор.
Ҳозирда яратилаётган материаллар журналистика талабларига тўғри келадими, уни қандай сифатли қилиш мумкин ёки уни етказишда қандай сўзларни қўллаш зарур. Она тили умуммиллат мулкидир, демак тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий. Мен ўзбекман, деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи керак. Унутилган сўзларни тиклаш, борини бойитиб бориш, хорижий атамаларга муносиб ўзбек тилидаги сўзларни топиш ёлғиз тилшуносларнинг эмас, миллатнинг ишидир.

Муҳаммаджон Обидов:
– ЎзММА, ЎзЖОКУ ва Журналистлар ижодий уюшмаси билан бирга ўтаётган форумда биринчи бор Сўзнинг ўрни ҳақида халқаро миқёсда фикр алмашиш имконига эга бўлдик. Сўз инсон яшаши учун ҳаводек муҳим. Шри Ланкага борганимда битта оролда бир ҳафта яшашимга тўғри келди. Ҳали ҳам ибтидоий яшаётган одамлар билан бир ҳафта яшадим. Улар товушлар орқали гаплашишар экан. Сўзнинг аҳамиятини қанчалик муҳим эканлигини билдим. Конфуцийни қўлёзмаларини бугунги хитойликлар ўқий олади. Сўзга, тилга эътиборни қарангки улар 2100 йил олдин ёзилган Хитой императорининг хатини ҳозирги хитойликлар ўқийди. Ижтимоий тармоқлардаги сўзга беписантлик, масъулиятсизлик ҳолатларини учратамиз. Биз авлодларга тилимизни соф етказишимиз керак.
Олимжон Ўсаров:
– Сўз бу дунёнинг асоси. Бундан минг йил илгари яшаб ўтган F.Attor айтган эди: "Дунёнинг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам сўздир". «Бўл» деди, дунё яралди.
Бугун тадбирда асосан медиа соҳаси вакиллари иштирок этмоқда. Сўз эса уларнинг нони десак муболаға бўлмайди. Сўз орқали мулоқот қиламиз, фикр, ғояларимизни билдирамиз. Яъни сўз бизмиз. Юртимиз қанчадан қанча босқинларни кўрган ва барча урф-одатларимиз сўз орқали бизгача етиб келган.
Шу боис, сўз масъулиятини ҳис этиш лозим. Биз шу соҳа вакиллари, айниқса, сўзнинг масъулиятини, жозибасини, аҳамиятини ҳис этишимиз шарт. Ўйлайманки, бугун форумнинг мақсади ҳам шу.







