АсосийJamiyat

Навоийдаги турмадан маҳкумнинг ўлиги чиққани ҳақидаги хабарга Омбудсман муносабат билдирди

'Навоийдаги турмадан маҳкумнинг ўлиги чиққани ҳақидаги хабарга Омбудсман муносабат билдирди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда  Навоий вилоятидаги 4-сон жазони ижро этиш колониясида муқаддам тўрт маротаба судланган маҳкумнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар тарқалмоқда.

Мазкур ҳолатга Омбудсман ўз расмий муносабатини эълон қилди.

Маълум қилинишича, ҳозирда Навоий махсус прокуратураси томонидан мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда ва қонуний қарор қабул қилинади.

Шунингдек, ушбу ҳолат бўйича Омбудсманга марҳумнинг яқин қариндошларидан қийноққа оид мурожаат келиб тушмаган. Шундай бўлса-да, мазкур ҳолат бўйича Интернет ижтимоий тармоқларида хабарлар берилгач, ишга тааллуқли ҳужжатлар ўрганилган.

Қайд этилишича, жорий йилнинг май ойида Омбудсман бошчилигида Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларига, жумладан 4-сон колонияга мониторинг ташрифи амалга оширилган. Ушбу мониторингда иштирок этган "Эзгулик" Инсон ҳуқуқлари нодавлат нотижорат ташкилоти Интернетдаги турли ижтимоий тармоқларга Навоийдаги колониялардан қийноқ бўйича шикоятлар келиб тушмаганини ёзган.

Муносабатга кўра, Омбудсманнинг терговга қадар текшириш олиб бориш ваколати мавжуд эмас. Шунинг учун қийноқлар қўлланилганига оид мурожаатлар ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар жойига чиқиб ўрганилгач, қийноқ аломатлари мавжуд бўлган ҳолларда иш кўриб чиқиш учун прокуратура органларига юборилади. Омбудсман бунда маҳкум ва маҳбусларнинг кўрсатмалари ва ишга оид тўпланган дастлабки ва бирламчи ҳужжатларга асосланади. Ҳақиқатдан ҳам 2021 йилда Омбудсман назоратига олинган қийноқ ҳолатлари бўйича прокуратура органлари томонидан биронта қийноқ ҳолати тасдиқланмагани айтилади.

    Бошқа янгиликлар