Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг Нукус ва Фарғона филиалларида бугунги кунда долзарб бўлмаган 5 та бакалавриат йўналиши тугатилиб, 2 та магистратура мутахассислиги ташкил этилади. Бу жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишувда маълум қилинди.
Қайд этилишича, шунингдек, спорт соҳасида фахрий унвон ва тоифа даражасига эга бўлган, нуфузли халқаро мусобақаларда ғолиб бўлган абитуриентлар касбий имтиҳонларни топширишдан озод қилинади. Талабаларни рағбатлантириш учун Паҳлавон Маҳмуд номидаги давлат стипендияси жорий этилади. Иқтидорли битирувчиларга спорт бўйича ҳакам ҳамда иккинчи тоифали тренер мақоми берилади.
Таълим ва илм боғлиқлигини мустаҳкамлаш учун ягона кузатув кенгаши тузиш режалаштирилган. Бу кенгаш спорт муассасаларининг бошқарув, ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий фаолиятини самарали ташкил қилишга бош-қош бўлади.






