Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида телефон ўғирлашда гумон қилинган фуқаро профилактика инспекторининг хизмат машинаси ойнасини тепиб синдирди.
Қўқон шаҳрининг Муқимий кўчасида яшовчи фуқаро жарий йилнинг 27 октябрь куни ИИБнинг “102” қисқа рақамига мурожаат қилиб, фарзандининг телефонини номаълум шахс фойдаланиш учун сўраб олиб, қайтариб бермаганини маълум қилган.
Ҳудудий профилактика инспектори томонидан терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бориш давомида телефон аппаратти Лойиҳавий 1-тор кўчасида яшовчи вояга етмаган фуқаро томонидан олиб кетилгани аниқланган.
29 октябрь куни профилактика инспектори гумонланувчи билан кўришган пайти у ўзини носамимий тутиб, ходимнинг талабларига бўйсунмасдан турли ноўрин сўзлар билан ҳақорат қилади. Ички ишлар ходимининг автомобили олд ён ойнасини тепиб синдиради ҳамда тош отиб автомашинага шикаст етказади. Оқибатда профилактика инспектори юз соҳасидан жароҳат олган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, у процессуал тартибда ушланган.






