Улар Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатлар самити хусусида суҳбатлашишди.
Бир неча кундан сўнг Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти саммити бошланади. Мазкур анжуманга тайёргарлик доирасида бугун Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институтида ТДТ Юқори даражали мансабдор шахслари навбатдаги учрашув учун йиғилишди.
Маълумотларга кўра, тадбирда аъзо ва кузатувчи давлатлар Ташқи ишлар вазирликларининг тегишли департамент раҳбарлари, ТДТ Котибияти, Туркий академия ҳамда Туркий маданият ва мерос жамғармаси вакиллари иштирок этмоқда.
Томонлар Саммит ва асосий тадбирдан бир кун олдин - 10 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтадиган ТДТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибини муҳокама қилишади. Анжуман дастури ҳамда барча тадбирларга киритиладиган ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилиб, қабул қилиниши режалаштирилган. Шуниндек, йиғилишда масъуллар Самарқанд саммитига тайёргарлик билан боғлиқ бошқа масалалар бўйича ҳам фикр алмашади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур тартибдаги учрашувлар 8 ноябрга қадар давом этади.






