Тошкентда 6 ёшли қизга тегажоғлик қилган эркакка жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда "Nemolchi.uz" хабар берди.
Қайд этилишича, 2022 йил 7 июль куни Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирига кираверишда эркак яқин атрофда ўйнаб юрган қизчани ёнига чақирган.
Шунингдек, уйнинг 1 ва 2-қавати оралиғида эркак олти ёшли қизчани қучоқлаб, лабларидан ўпа бошлаган. Бақиришига йўл қўймаслик учун оғзини қўли билан ёпган. Ўша вақтда хонадонлардан бирининг эшиги очилган овози эшитилган, у қизчани кийинтирган ва 10 гача санаб, кейин кўчага чиқишини айтган.
Қиз онасига дугонаси билан мушук боласини излаб юрган вақтда бегона эркак ёнида мушукча борлигини айтиб алдаганини ва уни ечинтириб, қийнаганини айтган.
Шу билан бирга, қизнинг онаси дарҳол ҳуқуқ-тартибот ходимларига мурожаат қилган, орган ходимлари бир кун ичида кузатув камераси тасвирлари орқали номаълум шахсни топган.
Эркак тушунтириш хати ёзиб, маст бўлганини таъкидлаган. Биринчи тушунтириш хатида у шаҳвоний ҳиссини қондирганини, кейин эса қўрқувдан ёзганини ва уни ёзишга мажбур қилишганини даъво қила бошлаган.
Психологик текширув қизда жинсий зўравонликдан кейинги аломатларга ўхшаш стрессни аниқлаган. Мутахассислар ҳам қизча ҳақиқатни гапираётганини тасдиқлаган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номувофиқ ҳаракатлар қилиш) ва 119-моддаси 4-қисми (жинсий эҳтиёжларни ғайритабиий шаклда мажбуран қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Иш Жиноят ишлари бўйича Юнусобод судида кўрилмоқда. Биринчи суд мажлисида айбланувчи 129-модда (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш) бўйича айбига иқрор бўлган, бироқ 119-модда (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) бўйича айбини тан олмаган.