Аввал хабар қилинганидек, 11 ноябрь куни Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити бўлиб ўтади. Ушбу олий даражадаги тадбир 2021 йил Истанбул учрашувида Ташкилот номи ўзгаргандан кейинги Биринчи саммит ҳисобланади.
Тадбирда 5 та аъзо мамлакат - Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда 2 та кузатувчи - Туркманистон ва Венгрия мамлакатлари раҳбарияти иштирок этиши кутилмоқда. Тадбир кун тартибидан Ташкилот доирасида сиёсий-иқтисодий, транспорт, маданият ва туризм каби соҳаларда ҳамкорликни янада жадаллаштириш масалалари муҳокамаси ҳамда халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган. Самарқанд саммитида 10 дан ортиқ ҳужжат имзо учун киритилиши режалаштирилмоқда.
Шу муносабат билан бугун Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрига етиб борди.
Дастлаб Президент Самарқандда Имом Бухорий мақбарасига ташриф буюрган.

Давлат раҳбари зиёратгоҳда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.


Шундан сўнг Президент Ислом Каримов қабрини ҳам зиёрат қилган.

Маълумот учун, Саммит якунида Ташкилотга раислик бир йил муддатга Туркиядан Ўзбекистонга ўтади.






