Бироз аввал Самарқандда Ўзбекистон-Венгрия бизнес-форуми бўлиб ўтаётгани ҳақда ахборот берган эдик.
Ушбу бизнес-форумга қадар жорий йилнинг 1 – 4 ноябрь кунлари венгриялик компания вакиллари билан видеоконференсалоқа форматида бир нечта учрашувлар ўтказилиб, ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олинган эди.
Ўзбекистон-Венгрия бизнес форуми доирасида ўзбекистонлик тадбиркорлар Венгрия ташқи савдо ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто бошчилигидаги 60 дан ортиқ венгер компаниялари вакиллари билан "B2B" ва "G2B" шаклидаги музокараларни ўтказишди. Икки томонлама музокаралар натижасида инвестициявий ва савдо келишувлари имзоланди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Венгриянинг "Бонафарм" компанияси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида паррандачилик кластерини ташкил этиш лойиҳаси бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда паррандачилик мажмуасини яратиш лойиҳасининг иқтисодий қисмини аниқлаш мақсадида Венгрия томони дастлабки босқичда бозор имкониятларини баҳолаш, йирик савдо марказларига ташриф буюриш, гўшт маҳсулотларига бўлган талаб ва истеъмол, ишлаб чиқариш ҳажмлари, жумладан, озуқа базасини ўрганишни мақсад қилган.
Дилбар Абдунабиева.






