Саммитнинг асосий тадбири эртага 11 ноябрь куни Конгресс марказда бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда darakchi.uz' мухбири Дилбар Абдунабиева президент матбуот котиби Шерзод Асадов иштирокида бўлиб ўтган брифингдан.
Унда маълум қилинишича, эртага тонгда Туркманистон Миллий кенгаши Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов кузатувчи сифатида келади.
Ҳозирга қадар Венгрия бош вазири Виктор Орбан, Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тўқаев, Туркия раҳбари Режеп Тоййип Эрдоғанлар Самарқанд шаҳрида кутиб олинди.
Маълум бўлишича, бугун кечки вақт Делегация раҳбарлари Самарқанд туризм маркази ҳудудидаги “Боқий шаҳар” мажмуасига ташриф буюрадилар. Туркий давлатлар ташкилоти аъзо мамлакатлари миллий фольклор санъатини ўзида ифода этган концерт дастури ташкил этилади.
"Самарқанд саммитининг асосий тадбири - Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси эртага 11 ноябрь куни Конгресс марказда бўлиб ўтади", — дейди Шерзод Асадов.
Саммит якунида Ташкилотга раислик бир йил муддатга Туркиядан Ўзбекистонга ўтади.
Саммит доирасида 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши режалаштирилгани маълум қилинди. Хусусан, унинг асосий ҳужжати - Самарқанд Декларациясини қабул қилиш кутилмоқда. Унда минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий мулоқотни чуқурлаштириш бўйича қўшма ёндашувлар белгилаб берилган.






