1

Улуғбек Қодиров “Казбек” фильмидаги бош ролга тасдиқланди

МАДАНИЯТ 11.11.2022, 21:18
Улуғбек Қодиров “Казбек” фильмидаги бош ролга тасдиқланди

Минскда бўлиб ўтаётган “Листапад” кинофестивалида киноактёр Улуғбек Қодиров билан “Казбек” ўзбек-беларус фильмида иштирок этиш бўйича шартнома имзоланди. Бу ҳақда Киномотографияни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Фильмда Мамадали Топиволдиев-Казбек образини Қодиров ижро етади. Фашистлар уни “Осиё арслони” деб атаган.

Уч томонлама шартномани “Ўзбекфильм” киноконцерни директори Баҳодир Одилов, актёр Улуғбек Қодиров ҳамда “Беларусфильм” киностудияси бош директори Владимир Карачевский имзолади.

Картинани суратга олиш ишлари шу йилнинг декабрь ойида бошланиши режалаштирилган. Фильм режиссёри Муҳамад Aли Искандаров.

Киноактёр Улуғбек Қодиров ўзининг ушбу лойиҳадаги иштироки ҳақида шундай дейди:

– “Фильмда бош ролни  – Ватанимиз қаҳрамони, жасур инсон Мамадали Топиволдиев  ролини ўйнаётганимдан ниҳоятда фахрланаман. Бу мен учун  катта шараф ва масъулиятдир. Ушбу роль менинг II жаҳон уруши ҳақиа олинаётган фильмдаги илк иштироким,  биринчи тажрибам. Бироз ҳаяжондаман. Ролга тайёргарликни аллақачон бошлаганман.”

Актёрнинг айтишича, у мунтазам равишда спорт залига ташриф буюриб, жиддий шуғулланмоқда. Чунки миллат қаҳрамони қиёфасини ишончли яратиш у учун жуда муҳим.

“Листопад” кинофестивалда иштирок этаётган Ўзбекистон  Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Aбдухолиқов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ва “Казбек” фильми ижодий жамоаси суратга олиш режалаштирилган жойларда бўлди. Фильм қаҳрамонлари учун керакли костюмлар танлаш ҳам амалга оширилди.

Агентлик Бош директори Фирдавс Aбдухолиқов фильмни суратга олиш тафсилотлари ҳақида қуйидаги  айтиб ўтди:

–  “Шу йил сентябрда Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитида ўзбек ва беларусь киноижодкорлари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинган эди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, биз биргаликда 3 йилдан буён самарали ҳамкорлик қилдик. “Илҳақ”, “Муҳаббат баҳори” каби фильмларни биргаликда суратга олдик, ҳозирда эса  иккита кинолойиҳа – “Казбек” ва “Якуб Коласс”ни суратга олиш ишларини  амалга оширмоқдамиз. Жумладан, «Казбек» ко-продукциясининг қиймати 2 миллион доллар бўлиб, бу маблағ “Ўзбекфильм” ва “Беларусфильм” кинокомпаниялари томонидан тенг улушларда тўланади”.

Эслатиб ўтамиз, 7-11 ноябрь кунлари Минскда Листапад кинофестивали бўлиб ўтди. Унда анъанага кўра Ўзбекистон делегацияси фаол иштирок этди. Минск ва Могилев шаҳарларида ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтди, жойлардаги кинотеатрларда “101 рейс”, “Aёл қисмати”, “Севишганлар” каби ўзбек фильмлари беларуслик томошабинларга тақдим этилди.

Бундан ташқари, Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган лойиҳалар питчинги бўлиб ўтди. Унда Баҳодир Умурзоқовнинг “Ойжамол” романи асосида икки қисмдан иборат “Ҳаёсиз аср” картинаси –ишғол қилинган ҳудудлардан эвакуация қилинган юз минглаб одамларни қабул қилган ўзбек халқининг олижаноблиги ва саховатлилиги ҳақидаги фильм лойиҳаси тақдим этилди.

Шунингдек, кинофестиваль доирасида МДҲ Ижроия қўмитасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар – Aрманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон кинематографияси бўйича Ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашувда Ишчи гуруҳ аъзолари ўз мамлакатларида миллий киностудияларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида маълумот алмашдилар. Ижодий бирлашма таркибига кирган ва бошқа бир қатор давлатлар фильмларини тақдим этадиган ягона қўшма платформа яратиш бўйича келишувга эришилди.

Ижодий уюшманинг “Олтин тўплами” фильмларини ҳам йиғишга келишиб олишди.  Видеотўпламни МДҲ давлатлари  платформаларида томоша қилиш мумкин бўлади.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1