Ўзбекистонда ҳар йили ўртача 1 миллион 500 минг аҳоли судларга мурожаат қилади. Вилоят судлари одил қарор чиқариш бўйича етарлича масъулият олмаётгани сабабли оворагарчиликлар кўп. Мисол учун, йил бошидан буён 18 минг фуқаро вилоят судлари қабул қилган қарорлардан норози бўлиб, Олий судга келган.
Судларда ишларни кўриб чиқиш эскича давом этаяпти. Адвокатларнинг ўрни юқори эмас. Терговчилар ўз устида ишламай қўйган.
Судга аралашувларнинг олдини олиш учун судьяларнинг ваколат муддати узайтирилди, маоши кескин оширилди. Уларни лавозимга тайинлаш Судьялар олий кенгашига ўтказилди. Лекин бу борада ҳалиям айрим бўшлиқлар бор.
Шу боис Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 14 ноябрь куни одил судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Унда судларда тортишув муҳитини шакллантириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ишини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди, дея ахборот етказмоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, вилоят судлари масъулиятини ошириш, жиноят ишини айблов хулосаси ва ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
"Судьялар олий мактабини тубдан ислоҳ қилиш, туман ва вилоят судлари учун мол-мулк, оила, солиқ, меҳнат муносабатларига ихтисослашган судьялар тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди. Судьялар ҳамжамиятининг ваколатларини кучайтириш, судьялар сонини босқичма-босқич кўпайтириш таклифи маъқулланди.
Давлатимиз раҳбари соҳада рақамлаштиришни кенгайтириб, ахборот тизимларини уйғун қилиш, замонавий технологиялар орқали одамларга қулайликларни ошириш бўйича топшириқлар берди, — дейилади хабарда.






