АсосийJamiyat

"Ўзбекистонда сўнгги йилларда боғчалар сони 6 баробарга кўпайди" – Шавкат Мирзиёев

'"Ўзбекистонда сўнгги йилларда боғчалар сони 6 баробарга кўпайди" – Шавкат Мирзиёев'ning rasmi

Президент кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича иккинчи Бутунжаҳон конференциясининг очилиш маросимида муҳим таклифларни илгари сурди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича иккинчи Бутунжаҳон конференциясининг очилиш маросимида нутқ сўзлади.

"Сўнгги йилларда мамлакатимизда боғчалар сони 6 баробарга кўпайди. Олис ва чекка ҳудудларда минглаб оилавий боғчалар ташкил қилинди.

Тарбиячи ва педагоглар сони ҳам 3 баробарга ўсиб, 160 мингга етди. Шунингдек, педагог кадрларнинг малакасини тизимли ошириб бориш ишлари ҳам йўлга қўйилди.

Ушбу чоралар натижасида боғчаларда таълим ва тарбия оладиган болалар сонини 600 мингдан 2 миллионга етказилиб, қамров кўлами 70 фоизга чиқди.

Анжуманимизда жаҳоннинг 150 мамлакатидан вакиллар ташриф буюргани бугунги кунда мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш глобал даражада долзарб аҳамиятга эга эканидан яққол далолат беради.

Ишончим комил, мазкур конференция бутун дунёда 2030 йилга қадар мактабгача таълим соҳасига оид сиёсатни белгилаб олиш ва шу орқали ёш болаларга сифатли таълим бериш йўлида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришда янги имкониятлар яратади.

Шулардан келиб чиқиб, биз қуйидаги муҳим таклифларни илгари суришни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, шиддатли дунёда турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган давримизда энг заиф қатлам бўлган мактабгача ёшдаги болалар ҳам жиддий азият чекмоқда.

Шу сабабли, кичик ёшдаги болалар учун сифатли таълим бериш муаммоларини глобал даражада самарали ҳал қилиш, бу масалаларга биргаликда тезкор ечимлар ва тизимли ёндашувларни ишлаб чиқиш жуда долзарбдир.

Буни инобатга олиб, мазкур халқаро конференцияни мунтазам равишда ўтказиб боришни таклиф этамиз.

Иккинчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун бўлган таълим бўйича барча саъй-ҳаракатларимизни тизимли мувофиқлаштириш мақсадида Тошкентда ЮНEСКОнинг минтақавий марказини ташкил этиш ташаббусимизни маъқуллайсизлар, деб ишонаман.

Шунингдек, Кичик ёшдаги болалар таълими бўйича жаҳон ташкилоти билан қўшма лойиҳа ва тадқиқотларни олиб бориш, тарбиянинг янгича услубларини ва методик қўлланмаларни тайёрлаш учун кенг қамровли дастурни ишлаб чиқишни таклиф этаман.

Шу билан бирга, мазкур йўналишда жаҳонда тўпланган илғор тажрибалар, замонавий интерактив ўқитиш услублари, амалий билим ва кўникмалар билан ўзаро алмашиш мақсадида тарбиячилар халқаро ҳамжамиятини ташкил этиш ташаббусини илгари сурамиз.

Учинчидан, 2024 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ўтказиладиган келажак саммитининг умумий кун тартибидаги асосий мавзулардан бири сифатида, кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш масаласини киритиш ҳамда унга алоҳида сессияни бағишлаш муҳимдир.

Бугунги конференция якунлари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг болалар тарбияси масалалари умумбашарий тараққиётга эришишнинг муҳим омили экани тўғрисида махсус резолюциясини қабул қилиш айни муддао бўлар эди.

Ушбу ҳужжатда ота-оналарни болаларнинг сифатли таълим ва тарбия олиши, маънавий ва жисмоний баркамоллигини таъминлашдаги ролини, уларнинг қобилият ва салоҳиятларини тўлиқ намоён этиш борасидаги масъулиятини янада ошириш каби масалалар ўз ифодасини топиши лозим", – деди давлат раҳбари.

    Бошқа янгиликлар