“Zamin” фонди ва ЮНИСЕФ томонидан Бутунжаҳон болалар кунига бағишлаб гибрид форматда “Болаларнинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусида халқаро форум ўтказилди.
Тадбирда БМТ ва унинг таркибига кирувчи тузилмалар раҳбарияти, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, Ўзбекистонда фаолият юритаётган дипломатик корпус, давлат идоралари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Озарбайжон, Малайзия, Венгрия ва бошқа мамлакатларнинг илмий ва педагогик доиралари вакиллари ҳамда экофаоллар иштирок этди.
Форумда “Zamin” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева нутқ сўзлади.
— Ўзбекистоннинг Болалар, ёшлар ҳамдаиқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳаракатлари тўғрисидаги декларацияга қўшилганини чин дилдан олқишлаймиз. Бу муҳим қадам, мамлакатимиз болаларнинг том маънода ҳаёти учун, ёрқин келажаги учун курашишга содиқлигининг белгиси. Соғлом сайёра, тоза ҳаво, хавфсиз муҳит. Айнан шулар болаларнинг воқелигига айланиши шарт.
Биз шунчаки қараб тура олмаймиз. Ҳар биримизнинг ҳиссамиз, табиат учун қилган ҳар бир ҳаракатимиз барқарор атроф-муҳитга эришиш йўлида муҳим ўрин тутади. Фақатгина биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз ва аниқ амалларимиз билан ушбу мақсадга эришишимиз мумкин, - деди “Zamin” фонди Васийлик кенгаши раиси.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон МДҲ ҳудудида ушбу декларацияга қўшилган биринчи давлат бўлди.
Декларацияда ҳукуматларнинг иқлимга доир сиёсатда ва ҳаракатларда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини барча даражаларда изчил ҳисобга олиш борасидаги қатор мажбуриятлари акс этган.
Форум иқлим ўзгаришининг атроф-муҳитгасалбий таъсирларини юмшатиш, бу борада инсонҳуқуқлари, айниқса ёш авлод ҳуқуқларинисамарали рўёбга чиқариш масалаларига бағишланди.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳит масалалари бўйича махсус маърузачисиДэвид Р. Бойд ўзининг видеомурожаатидасайёрамиздаги ҳар бир бола ва ўсмир тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитда яшашга ҳақли эканини таъкидлади.
— Ифлосланган ҳаво ҳар йили 600 мингдан зиёд боланинг ҳаётига зомин бўлмоқда; юз миллионлаб бола хавфсиз ичимлик суви ва тўйиб овқатланиш имкониятидан баҳраманд бўла олмаяпти; болалар уларнинг ривожланиш жараёнларига зиён етказиши ва ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қўрғошин ва симоб каби токсик кимёвий моддалар таъсирини бошидан кечирмоқда, - деди Дэвид Р. Бойд.
Мавзу юзасидан долзарб маълумотларни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Хельга Шмид ҳам келтирди. У ҳам болалар иқлим ўзгаришининг кенг кўламли оқибатлари олдида заиф эканликларига эътибор қаратди.
- Яқинда ўтказилган тадқиқотларга кўра, 2021 йилда туғилган болалар уларнинг 60 йил аввал туғилган бобо ва момоларига нисбатан 7 марта кўп аномал иссиқлик тўлқинларини, икки баробар кўп ўрмон ёнғинларини ва қарийб уч баробар кўп қурғоқчилик ҳолатларини бошидан кечирадилар. Шунинг учун, ЮНИСЕФнинг “иқлим инқирози – бола ҳуқуқлари инқирози” деган фикрларига қўшилмасликнинг иложи йўқ, - деди у.
Тадбир якунида халқаро ҳамжамиятга бола ҳуқуқ ва манфаатларини иқлим соҳасидаги ҳаракатларининг марказига қўйган ҳолда иқлим инқирозининг салбий оқибатларига қарши курашиш бўйича халқаро, минтақавий ва миллий саъй-ҳаракатларни кучайтириш бўйича даъват қилинган Якуний ҳужжат қабул қилинди.

Маълумот учун: Бутунжаҳон болалар куни 1954 йилда эълон қилинган ва ҳар йили 20 ноябрь куни нишонланади.






