Ўзбекистонда ҳарбий хизмат нуфузини юксалтириш ва Қуролли Кучлар жанговар шайлигини янада ошириш мақсадида ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси масалалари билан боғлиқ кўплаб масалалар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини янада яхшилаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Мудофаа вазирлиги мутасаддилари АОКАда ўтган матбуот анжуманида шулар юзасидан ахборот берди.
Таъкидланганидек, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, фахрийларимиз ҳамда аҳолининг соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлаш, қўшинлар тиббий таъминотини ўз вақтида ва сифатли ташкиллаштириш миллий армиямизнинг жанговар салоҳиятини оширишда муҳим ҳисобланади.
Ана шу мақсадда Мудофаа вазирлигида малакали ҳарбий шифокорларни тайёрлаш, уларнинг маҳорати ва тажрибасини ошириш борасида кенг миқёсли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан:
- Марказий ҳарбий клиник госпитали ҳудудида замонавий даволаш-диагностика биносининг қурилиши якунланиб, юқори технологияларга асосланган тиббий аппаратлар билан таъминланди ва 1 августдан бошлаб тўлиқ фаолиятини бошлади;
- Нукус ҳарбий госпиталида даволаш-диагностика биноси реконструкция қилинди ва замонавий тиббий аппаратлар билан жиҳозланди ҳамда фойдаланишга топширилди;
- Қуролли Кучлар Ҳарбий тиббиёт академияси ва амбулатор-поликлиника маркази биноларини қуриш ишлари ҳамда Термиз ва Фарғона ҳарбий госпиталларида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
- ўндан ортиқ ҳарбий қисмлар тиббиёт пунктлари янгидан барпо этилди;
- ҳарбий-тиббий муассасаларга 98 турдаги замонавий тиббиёт ускуналари сотиб олинди.
Шунингдек, ҳарбий госпиталлар фаолиятига юқори технологияларни татбиқ этиш натижасида 7 май куни Марказий ҳарбий клиник госпиталида илк бор академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия тиббиёт маркази мутахассислари билан ҳамкорликда “буйракни кўчириб ўтказиш амалиёти” муваффақиятли амалга оширилди.
Тадбирда маълум қилинишича, госпиталь мутахассислари томонидан 2 нафар беморда ишлаб турган юракда аорта-коронар шунтлаш юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, уларнинг ҳаётини узайтиришга эришилди.
Қайд этилишича, тиббий кадрларнинг малакаси ва амалий кўникмаларини ошириш бўйича жорий йилда 237 нафар тиббиёт ходими Ўзбекистон ва хориждаги (АҚШ, Россия, Германия, Корея каби) тиббиёт марказлари ва академияларида таҳсил олди. Бугунги кунда 4 нафар ҳарбий шифокор АҚШда малака оширмоқда.

"Жорий йилнинг август ойида Марказий ҳарбий клиник госпиталида 10 нафар туркиялик, 2 нафар жанубий кореялик, октябрь ойида 3 нафар россиялик, 2 нафар ҳиндистонлик, ноябрь ойида 3 нафар германиялик ва 3 нафар ҳиндистонлик тиббиёт мутахассислари билан ҳамкорликда 400 га яқин, шу жумладан юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди", — дея ахборот берилди матбуот анжуманида.






