АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда энергия сарфи деярли нолга тенг бўлган илк уй қурилди

Энергия нобарқарор, тез-тез ўчиб туриш эҳтимоли юқори бўлган мамлактимизда энергия тежовчи...

'Ўзбекистонда энергия сарфи деярли нолга тенг бўлган илк уй қурилди'ning rasmi

Энергия нобарқарор, тез-тез ўчиб туриш эҳтимоли юқори бўлган мамлактимизда энергия тежовчи уйларга эҳтиёж бор. Лекин бу турдаги уйлар нарх, шароит, ўзини ўзи оқлаш жиҳатидан аҳоли даромадларига мутаносибми? Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида қурилган энергия сарфи нолга тенг бўлган илк уй тақдимотида юқоридаги саволларга ҳам жавоб олдик. 

Ўзбекистонда деярли нолга тенг энергия сарфлайдиган биринчи кўргазмали уй Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги “Ёшлик” маҳалласида жойлашган бўлиб, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан Глобал атроф-муҳит фонди (GEF) молиявий кўмагида амалга оширилаётган "Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ уй-жой қурилишини ривожлантириш” қўшма лойиҳаси доирасида қурилди. Кеча 17 ноябрь куни ушбу уйни фойдаланишга топшириш ҳамда унинг тақдимот тадбири бўлиб ўтди.

Ҳарорати 1 ойда 1 даражага ҳам ўзгармайдиган уй

Шерзод КАТТАХЎЖАЕВ, БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ турар-жой биноларини ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси раҳбари:

— Мазкур томида 16 киловаттлик қуёш панеллари ўрнатилган уй 4 сотихли ҳовлида 2 қават қилиб қурилган бўлиб, 8 киши яшаши учун мўлжалланган. Уй ташқи деворлар, поллар ва томларнинг максимал иссиқлик изолациясига ҳисса қўшадиган мавжуд замонавий технологиялар ва қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда қурилган. Технологиянинг асосий вазифаси – ташқаридаги иссиқ ва совуқни ичкарига ўтказмаслик. Яъни уйни ҳамма тарафини бекитиб қўйсак, ичкаридаги ҳарорат 1 ойда ҳам 1 даражага ҳам ўзгармайди. Энергия қуёш панелларидан олинади ва заҳира сифатида аккумулятор батареяларида тўлиб туради. Қуёш ва ёруғлик бўлмаган тақдирда ҳам уй шу аккумуляторлар орқали электр билан таъминланади.

Ортиқча электрни сотиш ҳам мумкин

Шундай тизим яратилганки, - дейди Шерзод Каттахўжаев, - эҳтиёждан ортиқ ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини ҳудудий электр тармоғига сотиш имконияти ҳам бор. Ёз ойларида истеъмолга нисбатан 4 баравар кўп электр энергия ишлаб чиқарилади. Бундай пайтларда уни сотиш имконияти ҳам бўлади. Қуёшсиз қиш ойларида эса ўзини ўзи электр билан таъминлайди.

Аммо уй арзон эмас. Сабаби...

“Лойиҳанинг нархи 150 минг АҚШ доллари. Агар шу кўринишдаги оддий уйлар 100-110 минг доллар атрофида деб олсак, оддий уйга нисбатан қимматроқ. 40 минг доллар энергия тежаш тахнологияси учун сарфланган. Бу технология Хитойдан келгани боис қимматроқ бўлиши мумкин. Агар ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилса, балки, бу қийматдан арзонроқ бўлиши мумкин”, - дейди Каттахўжаев.

Лойиҳа қанча даврда ўзини оқлайди?

Келтирилишича, ҳисоб-китобларга кўра лойиҳанинг ўзини ўзи оқлаш муддати – 15 йил. Кафолат эса 25 йилга берилади. 

Яна қўшимча...

Қурилиш вазири ўринбосари Шукрулло Жаҳонгировга кўра, мазкур уй ўзини ўзи электр энергияси билан таъминлаш баробарида ҳар ойда 1 млн. сўмгача бўлган қийматдаги қўшимча электр энергия ишлаб чиқариб, ташқарига сотиш имкониятига ҳам эга бўлади. 

Шунингдек, вазир ўринбосари уйнинг қуйидаги яна бошқа ўзига хос хусусиятларини санаб берди:

  • девор қопламаларда энергия тежовчи маҳсулотлардан фойдаланилган;
  • ойна ромлари ҳам шу функцияни бажарувчи махсус материаллардан ишланган;
  • ташқаридаги ҳавони ичкарига фильтрлаб, тоза ҳаво қилиб етказиб бериш технологияси ўрнатилган;
  • ҳавони айлантирган ҳолатда иситиш технологияси қўлланилган.

Ўзбекистонда ташриф билан бўлган БМТ Бош котиби ёрдамчиси Хаолян Сюй ҳам тақдимотда иштирок этиб, лойиҳа билан танишди. 

Уйга энди ким эгалик қилади?
Мазкур кўргазмали уй бирламчи илмий синовдан ўтказиш учун Ўзбекистон Қурилиш вазирлигига расман топширилади ва 1 йил давомида уйдаги реал энергия ишлаб чиқариш қуввати ҳамда унинг сарфи мониторинг қилиб борилади.

 

Сардорбек Раҳмонқулов

    Бошқа янгиликлар