Интернет ва ижтимоий тармоқларда аёл киши кийимидаги шахсни бир нечта фуқаролар самосуд қилинаётганлиги акс этган видео тарқалди.
Ҳолат Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 14 ноябрь куни соат 03:00 ларда фуқаро У.Ю. аёллар кийимини кийиб олган ҳолда йўловчи автомашинада Бувайда туманидан қайтаётиб, Бағдод туманининг Бордон МФЙ чорраҳасида тушиб қолган. Катта йўл бўйида турган вақтида шу қишлоқда яшовчи фуқаролар унинг эркак киши эканлигини сезиб қолиб, видеотасвирга олишган.
У.Ю. бу ердан қочиб, шу атрофдаги фуқаро Т.Э.га тегишли уйнинг том қисмига чиқиб яширинган. Уй эгаси номаълум шахсни ўғирликка тушганликда гумон қилиб ушлаб, бу ҳақида вилоят ИИБнинг “102” рақамига мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро У.Ю. га нисбатан Бағдод туман ИИБ томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан У.Ю.ни видеотасвирга олиб, интернет тармоқларида тарқатиб юборган фуқаро М.Х.га ушбу кодекснинг 46-моддаси прим 1-моддаси билан ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.






