Амалдаги тартибларга биноан, ёввойи ҳайвонларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари берадиган рухсатномалар асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасига ғайриқонуний равишда олиб киришга уриниш чоғида ушлаб қолинган ёввойи ҳайвонлар эса белгиланган тартибда олиб қўйилади.
2022 йил 16 ноябрь куни Тошкент халқаро аэропортида божхона ходимлари Мисрдан учиб келган йўловчиларни божхона назоратидан ўтказиш давомида, “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган аёлнинг безовталаниши ва шубҳали хатти-ҳаракатларига эътибор қаратишди. Бу ҳақда Қўмита Матбуот хизмати darakchi.uz'га хабар берди.

Унга тегишли багаж назорат-рентген ускунаси ҳамда эндоскоп орқали кўздан кечирилганида, юклар орасидаги 2 та ширинлик қутисининг экранлардаги тасвири шубҳаларни тасдиқлади. Қутиларда ёввойи ҳайвонлар бор деган тахмин илгари сурилди.
Ҳайвонларга озор бериб қўймаслик ва божхона ходимларининг ҳаётий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аэропортга Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Тошкент ҳайвонот боғи вакиллари таклиф этилиб, улар томонидан қутилар очилди.


Натижада, биринчи қути ичида оғзи бойланган 1 бош Нил тимсоҳи боласи ва 3 бош игуана, иккинчи қутида эса тўрсимон, йўлбарс ва хондра зотига мансуб 3 бош питон болалари борлиги фош бўлди.

Жониворларни олиб ўтишга уринган шахс буни бировнинг илтимосига биноан маълум бир ҳақ эвазига олиб ўтаётганини маълум қилди.
Жониворлар зудлик билан Тошкент ҳайвонот боғига келтирилди. Дастлаб жониворлар вазни, узунлигига доир маълумотлар қайд этилди. Уларнинг ҳолати кўздан кечирилди. Иссиқ иқлим шароитларига мослашган жониворлар самолётнинг ҳарорат паст даражада бўладиган юкхонасида ва ўта зич жойлашган қутилар ичида келтирилгани сабабли аҳволи қониқарсиз деб баҳоланди. Илонлар ва игуаналардан айримларининг таналари замбуруғлар билан касалланган.
Жониворлар ҳозирда карантинда, мутахассисларнинг доимий назорати ва парвариши остида сақланмоқда.
Мазкур ҳолатда олиб қўйилган ноёб жониворларнинг баҳоси дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда тахминан 77 млн. сўмдан ошмоқда.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.






