АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистон ва Франция президентлари "Лувр"да “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмасини очишди

Аввалроқ Франция раҳбари Макрон Елисей саройида Президент Шавкат Мирзиёевни кутиб олгани ҳ...

'Ўзбекистон ва Франция президентлари "Лувр"да “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмасини очишди'ning rasmi

Аввалроқ Франция раҳбари Макрон Елисей саройида Президент Шавкат Мирзиёевни кутиб олгани ҳамда икки давлат раҳбари иштирокида музокаралар бўлиб ўтгани ҳақида хабар бергандик.

Елисей саройида ўтган олий даражадаги музокаралардан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон ўз рафиқалари билан Париждаги Лувр музейида бўлдилар, дея хабар бермоқда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати.

Маълумот ўрнида, Лувр дунёдаги энг катта ва энг кўп ташриф қилинадиган музейлардан бири бўлиб, энг йирик ва қимматли бадиий асарлар тўпламига эга. Ҳар йили бу ерга 10 миллионга яқин сайёҳ келади. 

Ўзбек халқининг бой маданий меросига бағишланган “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг октябрь ойида Францияга амалга оширилган ташрифи давомида эришилган келишувларга мувофиқ ташкил этилди.

"Кейинги уч йил давомида кўргазмаларга пухта тайёргарлик кўрилди. Бир нечта Ўзбекистон ва Франциянинг биргаликдаги экспедициялари уюштирилиб, кўплаб археологик топилмалар кашф қилинди. Бундан ташқари, Лувр реставрациячилари ва мамлакатимиз мутахассислари бир нечта босқичдан иборат кенг кўламли тиклаш тадбирларини амалга оширди", — дейилади хабарда.

Кўргазманинг илк меҳмонлари бўлган Ўзбекистон ва Франция етакчилари Далварзинтепа ва Холчаён ёдгорликларидан топилган экспонатлар, Варахшадаги қизил рангли хонадан деворий сурат, Кофирқалъадан ўймакор панно, Катта Лангар Қуръони саҳифалари, Амир Темур мақбарасидан қўш эшик, Афросиёбдаги элчилар тасвири туширилган деворий сурат ва бошқа экспонатлар билан танишдилар. Уларнинг яратилиши ва топилиши, улар билан боғлиқ тарихий даврлар ва шахслар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Давлат раҳбарлари кўргазма юксак даражада ташкил этилгани ва унда ўзига хос муҳит яратилганини таъкидлаб, икки мамлакатнинг маданий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи ушбу тадбирни тайёрлашга ҳисса қўшганларга миннатдорлик билдиришган.

Эслатиб ўтамиз, кўргазма 2023 йил 6 март кунига қадар давом этади.

    Бошқа янгиликлар