Ижтимоий тармоқларда тарқалган "Ўзбекистон жаҳон чемпионларидан юз ўгирди" мавзусидаги видеода Туркияда ўтган ампутантлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 3-ўринни қўлга киритган Ўзбекистон футбол жамоаси аъзолари уларга етарлича эътибор қаратилмаётгани, фақат 10 млн сўмдан мукофот пули берилгани, бошқа чемпионлардан фарқли тазда одам ажратиш бўлаётганидан норози бўлишганди.
Катта шов-шувларга сабаб бўлган видео сабаб Спортни ривожлантириш вазирлиги спортчилар билан учрашишга қарор қилди.
Маълум қилинишича, учрашувда футболчилар расмийларга муаммоларни айтишган. Паралимпияга аъзо бўлмаган Ҳаити ҳам 4-ўринни олган жамоа аъзоларига 25 минг доллардан берганини, 2-ўринни эгаллаган Ангола ҳар бир ўйиндан сўнг ўйинчиларни тақдирлаганини таъкидлашди.
Мурожаатчиларга Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов қуйидагича жавоб берган:
"Сизлар расмий ташкилотга аъзо эмассизлар. Ўз вақтида Паралимпия қўмитасига киришни таклиф қилганмиз, аммо жавоб бермагандинглар.
Нодавлат ташкилотда эканлигингизга қарамай, тайёргарлик ва Туркияга боришинглар учун 1 млрд сўм ажратилди. Бу аввалги қийматдан 3 баравар кўп.
Сизларга таклифим: Паралимпия қўмитасига аъзо бўлинглар. Шунда мен президентдан сизлар учун мукофот ажратишни сўрай оламан. Шунингдек, 6 млн сўмдан доимий стипендия қилиб берамиз».
"Президентимиз бизнинг норозилигимиздан хабар топмаганлар. Акс ҳолда, 10 млн сўмдан беришганини ҳазм қила олмасдилар", - дейди чемпионлар.
Учрашув якунида вазир Адҳам Икромов жамоа аъзолари қўшимча рағбатлантирилишига ваъда берган.