Олий Мажлис Сенати, "Хаст Имом" ёхуд IT Park

ЖАМИЯТ 24.11.2022, 22:27
Олий Мажлис Сенати, "Хаст Имом" ёхуд IT Park

Айни кунларда Тожикистон Журналистлар иттифоқи делегацияси Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Улар кеча И.Каримов номидаги Тошкент аэропортида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан кутиб олинди.

Куннинг иккинчи ярмида Тожикистон Журналистлар иттифоқи делегацияси Амир Темур ва Темурийлар даври тарихини ўрганувчи, аждодларимизнинг бой моддий ва маънавий меросини ўзида мужассамловчи ва илмий тадқиқ этиб келажак авлодга етказувчи объект Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюришди.  

Унинг давомида делегация аъзолари Темурийлар тарихи ва маданияти билан яқиндан танишишди. Дастхатлар китобига ўзларининг тилакларини ёзиб қолдиришди.

Шундан сўнг Тожикистон Журналистлар иттифоқи делегацияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш қўмитаси аъзолари билан учрашди.

Суҳбатда Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама ривожланиб бораётгани, турли даражаларда, шу жумладан ахборот алмашинуви йўналишида ҳам самарали мулоқот ва алоқалар фаол давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Сенатда бўлиб ўтган расмий учрашувдан сўнг Тожикистон Республикаси телерадиоканаллари раҳбарлари, марказий нашрлар бош муҳаррирлари, Ахборот хизматлари вакилларидан иборат делегация Ўзбекистон Миллий матбуот марказига келишди.  

Марказда қўшни давлат делегацияси учун маҳаллий газета ва журналлар кўргазмаси ташкиллаштирилди.

Тожикистонлик журналистлар делегацияси ташрифининг иккинчи куни Тошкентнинг диққатга сазовор жойларидан бири, халқ орасида "Хаст Имом" номи билан машҳур бўлган — Ҳазрати Имом мажмуасидан бошланди.

Меҳмонлар мажмуада жойлашган “Қаффол Шоший” мақбараси, “Бароқхон” ва “Мўйи Муборак” мадрасалари, 18 асрда барпо этилган “Номозгоҳ” масжиди хамда “Тилла Шайх” жомеъ масжиди тарихи билан яқиндан танишишди.

Улар, шунингдек, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида бўлдилар.

Куннинг иккинчи ярмида делегация вакиллари "Zo'r TV" телеканалида меҳмон бўлишди. 

Ташриф давомида телеканал имкониятлари, тележурналистлар учун яратилган шарт-шароитлар, эфирга узатилаётган лойиҳалар билан яқиндан таништирилди.

Навбатдаги манзил “Colorpack” бўлди.

Тожикистонлик журналистлари ҳозирда мактаб дарсликларининг катта қисмини чоп этаётган “Colorpack” компаниясида бўлишди.

Делегация, шу жумладан, IT Park'га ташриф буюрди.

IT Park ходимлари меҳмонларга IT Park офиси бўйлаб экскурсия ташкил этишди ҳамда уларга ташкилот фаолияти, IT соҳаси истиқболлари ва ташкилот томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот беришди.

Эслатиб ўтамиз, ташриф делегация ташрифи 23-27 ноябрь кунлари учун режалаштирилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1