Сал аввал, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинлангани хабар қилинган эди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев янги маслаҳатчи бўйича шахсий мулоҳазаларини эълон қилди.
"Сирдарёда Сардоба сув омбори талофатидан жабр кўрган тадбиркорларга компенсация пулларини тўлиқ қоплаб бермаган, Президент Администрацияси топшириқларини ҳам бажармай, тадбиркорларни норози қилиб келган Ғофуржон Мирзаев Президентга маслаҳатчи бўлибди.
У давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчи ҳисобланади. Очиғи мен ҳеч кутмагандим, "шок"даман.
Бу кишини тадбиркор ва фуқароларни норози қилиб келгани учун кўп танқид қилганман ва уларнинг Президентга яхши ва холис маслаҳатчи бўла олишига ишонмайман. Кўрамиз Ғофуржон Мирзаев янги лавозимидан фойдаланиб ўзини танқид қилганларга босим ўтказиб, ишдан четлатишни бошлайдими йўқми. Майли ўлмасак кўраверамиз", - дея ёзиб қолдирди фаол депутат.
Эслатиб ўтамиз, Ғофуржон Мирзаев тайинланган лавозим янги ташкил этилган бўлиб, аввалги иккита маслаҳатчи лавозимини бирлаштириш орқали ташкил этилган.