1

Янги Ўзбекистоннинг янги маҳаллалари: аҳоли ислоҳотларни сезяптими?

ЖАМИЯТ 25.11.2022, 20:00
Янги Ўзбекистоннинг янги маҳаллалари: аҳоли ислоҳотларни сезяптими?

                                                                                                   Ислоҳотлар натижасини одамлар ўз ҳаётида, 
                                                                                                    маҳалласида сезсин — Шавкат Мирзиёев

Маҳалла — бу сўз ўзбек халқи учун ватан деган жумла билан ёнма-ён қўлланадиган қадрдон тушунча. Азал-азалдан халқимиз ўзини маҳалласининг номи билан айтиб таништиради, инсонларнинг одоб-ахлоқи қайси маҳалланинг одами эканига қараб баҳоланган. Замон ривожланиб, янгиликлар жорий этилиб, ҳудудларда кўчалар жорий этилган бўлсада, ҳамонки, "маҳалламиз" деган урғу билан жой номлари таништирилади. Шундай экан бу қўрғоннинг ободлигию, кўркамлиги ёхуд ривожланиши унда истиқомат қилувчи ҳар ким учун муҳим. 

"Тарихга қайтиб иш кўриш хайрлидир"

"Тарихга қайтиб иш кўриш хайрлидир", дейдилар. Шунга кўра мавзуни мозийдан, яқин ўтган кунлардан бошласак. Тор ва лой кўча, тартибсиз ва паст-баланд жойлашган уйлар, кеч тушиши билан фақат пастқам дўкон олдидагина липиллаб турувчи чироқ ва фақат кундалик ташвишлари билан овора одамлар ҳаёти... Мана шу эски ўзбек маҳаллалари ҳаётини акс эттирган манзарадир. Унда маҳалла фақат одамлар яшайдиган маскан бўлиб, бошқа ҳар қандай юмуши ёки масаласи уйдан бир неча килорметр узоқда, балки шаҳар ёки туман марказида жойлашган биноларда битадиган эди. Марказда жойлашган маъмурий бинолар, тиббий хизмат, боғча, мактаб ва албатта,бозор. Дарвоқе, унда болалар ўйингоҳи ва ёки бошқа кўнгилочар масканлар ҳақида гап ҳам бўлиш мумкин эмас... Худди шундай эди бизнинг қадим-қадрдон маҳаллалар.

"City" маҳаллалар

Мустақиллик нафақат эрк, балки энг буюк ривожланиш асосидир. 30 йил — бу даврда Ўзбекистон ҳар соҳада энг юқори саъи-ҳаракатлар, ислоҳотлар билан ривожланиш йўлидан борди. Барча соҳаларда, тизимларда ва ҳудудларда мустақиллик келтирган бунёдкорликлар ўз аксини топа бошлади. Ўзбекистонда маҳаллалар ҳам жамиятнинг энг муҳим бўғини сифатида давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Яқин беш йиллик эса Ўзбекистонда том маънода маҳаллалар йили бўлди, десак адашмаймиз. Шавкат Мирзиёев ҳар қандай ривожланиш, ҳар бир эътибор ва имкониятлар, аввало, энг пастки бўғин — маҳаллалардан бошланишини таъкидлаб, барчаси аҳоли розилиги учун деган олийжаноб сиёсатни бошлаб юборди. Ўзбек маҳаллалари янги қиёфа ва янги аҳамият касб эта бошлади. Расмий статистикага кўра, айни пайтда республика бўйича 9 минг 370 та маҳалла бор. Энг кўп маҳалла фуқаролар йиғини Самарқанд вилоятида жойлашган бўлиб, вилоятда 1100дан ортиқни ташкил этади. Бугун ана шундай аниқ рақамлар асосида қаерда қандай деган савол билан буюк бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилганки, беш йил аввал хорижга кетган одам бугун юртига қайтиб, маҳалласига кириб борса, ўзгаришлар ва бунёдкорликни кўриб ҳайрон қолиши ҳеч гап эмас. Халқ қабулхонаси жорий этилиши, маҳалла фуқаролар йиғинларига берилган имтиёз ва мажбуриятлар, маҳалла фуқаролари йиғинларида ташкил этилган хотин-қизлар билан, оилалар, ижтимоий таъминотга муҳтожлар билан ишлаш комиссиялари, ҳокимларнинг янгича иш тартиблари каби бир қанча ислоҳотлар сабаб бугун Ўзбекистон маҳаллаларига янги руҳ, янги кўриниш ва янги давр кириб бормоқда. Текис ва равон йўллар, замонаий поликлиникалар, боғчалар, мактаблар, исталган маҳсулотлар билан тўлиб-тошган дўконлар, маиший хизмат уйлари, спорт бинолари, меҳнат гузарлари, истироҳат боғларидан қолишмайдиган болалар майдончалари, сўлим ошхоналардан тортиб кутубхоналаргача эга бўлган янги қиёфа. Энди ҳеч бир ҳожат учун узоққа ёки туман марказига тушиб бормайсиз, ҳаммаси маҳаллада мавжуд, бир сўз билан айтганда "City" маҳаллалар пайдо бўлмоқда. 

Шу ўринда, аниқ маълумотларга тўхталсак. Наманган вилоятида нафақат "сity" маҳалла, балки “ақлли маҳалла” мавжуд. Ҳа, бу шаҳардан қолишмайдиган келажак маҳаллалари. Наманган шаҳрида жойлашган “Орзу” маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод ва хавфсиз маҳалла” концепцияси асосида қилинаётган ишлар, янгиликларни кўрган борки, анъанавий қарашларни буткул ўзгартириб юборади. “АBL – soft and SS” корхонаси томонидан таклиф этилаётган лойиҳа натижасида ушбу маҳалла “хай-тек” технологиялар асосида “ақлли маҳалла”га айланган. Ҳудудда ўрнатилган камералар ва махсус техникалар ёрдамида маҳалладаги бахтсиз ҳодисалар, ЙТҲ, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, ҳаттоки таълим муассасаларидаги давомад кўрсаткичлари, хуллас, ҳаракатдаги ҳамма нарса кузатувда бўлади. Ана шундай бўлади, Ўзбекистоннинг келажак маҳаллалари...

Давлат раҳбари ҳузурида...

Ўзбекистон президенти ҳузурида оқсаётган соҳаларни танқидий таҳлил қилиш, ислоҳотларни жорий этиш бўйича устувор вазифаларни белгилаш одат тусига айланган. Яқиндагина бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам яна бир бор маҳаллаларни обод қилиш ва аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш бўйича устувор вазифалар кўриб чиқилди. 

Бу гал ҳам давлат раҳбари “ислоҳотлар натижасини одамлар ўз ҳаётида, маҳалласида сезсин”, деб талаб қўйди. 

Қайд этилишича, жорий йилги дастурлар доирасида 4 минг 100 та маҳаллани обод қилиш, болалар боғчаси, мактаб, соғлиқни сақлаш, сув, электр, канализация билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишга бюджетдан қарийб 29 триллион сўм маблағ ажратилди.

Бунинг эвазига 434 та маҳаллада ички йўллар таъмирланди. 672 та маҳаллага ичимлик суви тармоғи тортилди. 34 та янги мактаб барпо этилди, 338 таси реконструкция қилиниб, 360 таси таъмирланди, уларда қўшимча 78 минг нафар ўқувчи таълим олишига имконият яратилди. Шунингдек, 580 та трансформатор, 20 минг километр тармоқлар янгиланиб, 413 та маҳалладаги 1,5 миллион аҳолининг электр таъминоти яхшиланди.

Йиғилишда бундай ишларни тизимли давом эттириб, маҳаллалардаги долзарб масалаларни ҳал қилиш чоралари муҳокама қилинди.

— Ҳеч бир фуқаро ўзининг муаммолари билан ёлғиз қолмаслиги керак. Аҳоли кайфияти бу — ислоҳотларимиз ва сиёсатимизнинг кўзгуси. Каттами-кичикми, одамлар айтган ҳар бир муаммога ўз вақтида муносабат билдириш, уларни босқичма-босқич ҳал қилиш барча даражадаги раҳбарларнинг энг устувор вазифаси бўлиши шарт, — деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз топшириғига кўра, уларнинг ҳар бирига борилиб, аҳолини қийнаётган муаммолар рўйхати шакллантирилган. Хусусан, йўл, ичимлик суви, суғориш тизими, электр таъминоти, таълим ва тиббиёт билан боғлиқ 12 мингта масала кўтарилган. Йиғилишда мазкур муаммолар ечимини ўз ичига олган аниқ вазифалар белгиланди.

4 минг 979 та маҳаллада режалаштирилган 5 минг 695 та қурилиш-таъмирлаш лойиҳалари учун “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармаларига 1 триллион 700 миллиард сўм йўналтирилиши айтилди. Эҳтиёжга қараб, йил якунига қадар яна 1 триллион сўм ажратилади.

Яна бир янгилик — ҳар бир маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун келгуси йилдан “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади. 

Хулоса ўрнида...

Шу ўринда кичик тадқиқот: Ўзбекистон фуқаролари ўртасида “Маҳаллангизда сўнгги беш йилда бирор ижобий ўзгаришлар (мактаб, йўл, таъмир ишлари, ижтимоий таъминот, аҳоли билан ишлаш, тиббиёт ва бошқа масалаларда)бўлдими?”, деган савол билан сўровнома ўтказдик. Иштирок этганларнинг 15 фоизи жуда катта ўзгаришлар, 40 фоизидан ортиғи эса бир қанча ўзгаришлар бўлгани ҳақида билдиришган. Яна 30 фоиздан ортиқ одам маҳалласида ҳали катта ўзгаришлар бўлмаганини қайд этмоқда. Демак, Ўзбекистоннинг замонавий маҳаллаларини ташкил этиш борасидаги ишларни етиб бормаган ҳудудларда давом эттириш, давлатраҳбари белгилаб берган вазифаларни бажариш лозимлигини кўрсатмоқда. Ажабмас, яқин йиллардаги сўровномамизда бу кўрсаткич 100 фоиз ижобийни кўрсатиб турса...

Фарида Эгамбердиева, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1