Сал аввал бугун Андижонда автобус ва юк машинаси иштирокида аянчли ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу автоҳалокат юзасидан ССВ қўшимча маълумот тақдим этди.
Маълумотда айтилишича, Андижондаги йирик йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жабрланганлар вазирлик назоратига олинган.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий бошқармаси маълумотига кўра, тўқнашув натижасида жами 41 нафар фуқаро жароҳат олган, шулардан 3 нафари воқеа жойида вафот этган.
38 нафар йўловчи турли хил жароҳатлар билан Бўстон туман тиббиёт бирлашмаси шифохонасига олиб келинган. Уларнинг ҳолати зудлик билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратига олинган.
Хабарга кўра, беморлардан 3 нафарида ушбу ихтисослашган бригадалар томонидан жарроҳлик амалиёти бажарилган. Барча жабрланганлар бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилиб, жароҳат оғирлигига кўра, Бўстондан Шаҳрихондаги қўшма шикастланишлар марказига 17 нафари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига 10 нафари "Тез ёрдам" машиналари орқали етказилган.
Айни пайтда уларга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Д.Тўлаганов бошчилигида воқеа жойига тезкор етиб борган бригадалар томонидан тегишли даволаш стандартлари асосида чуқурлаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ҳозир Бўстон тумани шошилинч тиббий ёрдам бўлимида 11 нафар бемор даволанаётган бўлиб, улардан 3 нафарида жарроҳлик операциялари ўтказилди, дейилади хабарда.