Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида 100 нафар жабрланувчини ишончига кириб, қарийб 550 миллион сўмни талон тарож қилган 3 нафар судланувчига оид жиноят иши кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда "Darakchi.uz" мухбири.
Маълум қилинишича улар чет элда ишлаш истагида бўлган шахсларни, нуфузли хорижий мамлакатларда ишга жойлаштиришларини айтишган. Жабрланувчилар сони 100 нафар. Шундан 55 нафар одамни турли алдовлар билан пулини олиб, хорижга юборган. Судланувчилар қариийб 550 миллион сўмни ташкил қилувчи пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб, берган ваъдасини бажармасдан пул маблағларини талон торож қилган.
Жиноят иши бўйича судланувчилар эълон қилинган айбловга иқрорлик билдиришмади. Судланувчилар эълон қилинган айбловга иқрорлик билдирмаган ҳолатда кўрсатма берган бўлсаларда, уларнинг қайд этилган жиноятларни содир этганлиги жиноят ишида тўпланган далиллар билан тўлиқ исботланган.
Судда жабрланганлар бўйича айрим маълумотлар келтириб ўтилди.
Жумладан, Тошкент вилояти бўйича:
Аёл жабрланувчига уни нуфузли хорижий мамлакат ҳисобланган Саудия Арабистони Подшоҳлигида қулай шароитларга эга бўлган ва сердаромад иш жойи билан таъминлашини маълум қилади. Унга “Хаж” ва “Умра” ибодатларини адо этиш имкониятлари борлигини айтган ҳолда қизиқтиради. 16.06.2021 йилда аёлни Ар-Риёд шаҳрига юборган ва уни Саудия Арабистони Подшоҳлигида яшовчи терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган “Иброҳим” исмли шахс кутиб олиб, моддий наф эвазига ишчи қидираётган оилаларга сотиб юборган.
Наманган вилояти бўйича:
- Жабрланувчи эркакка уни бандлик агентлиги МЧЖ орқали Польша Республикасида қулай шароитларга эга бўлган, сердаромад иш жойи билан таъминлашини маълум қилиб, ундан 2021 йил декабрь ойида 1.100 АҚШ долларини қабул қилиб, ушбу пул маблағларни талон торож қилган.
- Яна бир жабрланувчига уни бандлик агентлиги МЧЖ орқали Болгария Республикасида қулай шароитларга эга бўлган, сердаромад иш жойи билан таъминлашини маълум қилиб, ундан 2019 йил февраль ойида 13.000.000 сўм маблағини қабул қилиб, ушбу пул маблағларни талон торож қилган.
Суд ҳукмига кўра Хусусий бандлик агентлиги МЧЖ раҳбари ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми "Г" банди, 168-модда 4-қисми "А" банди билан айбли деб топоилиб, 8 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Қолган икки нафар судланувчи эса Одам савдоси жиноятини содир қилганликда айбли деб топилиб, ҳар бирига 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.