АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистоннинг яна иккита элементи UNESCO рўйхатига киритилди

Марокаш давлатининг Работ шаҳрида бўлиб ўтаётган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш б...

'Ўзбекистоннинг яна иккита элементи UNESCO рўйхатига киритилди'ning rasmi

Марокаш давлатининг Работ шаҳрида бўлиб ўтаётган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитанинг 17-сессияси Ўзбекистон учун муҳим маданий воқеа бўлди. Ўзбекистон томони иштирокида иккита кўпмиллатли элемент Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди. 

Ўзбекистон томонидан Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия билан биргаликда “Ипакчилик ва тўқув учун анъанавий ипак ишлаб чиқариш” номли биринчи файл тақдим этилди. Иккинчи номинация “Хўжа Насриддин ҳақидаги латифаларни такрорлаш анъаналари” деб номланган бўлиб, Ўзбекистон томони Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия билан ҳамкорликда тайёрлаган.

Қўмитанинг баҳолаш комиссияси номзодлик ҳужжатларини тайёрлашда иштирок этаётган давлатларнинг биргаликдаги фаолиятини юқори баҳолади ва уларнинг Вакиллик рўйхатига киритиш учун барча мезонларга мувофиқлигини қайд этди.

“Давлатимиз раҳбари бошчиликларида мамлакатимизнинг бой номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш ва уни кўпайтириш йўлида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Яна икки анъанамизнинг UNESCO рўйхатидан жой олиши бунинг яққол далилидир, – дейди Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистоннинг УUNESCO ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимов. –  Бу йўналишда  Ўзбекистоннинг UNESCOдаги доимий вакили Умид Шадиевнинг саъй-ҳаракатлари алоҳида таҳсинга сазовордир”.

Тадбир давомида номинациялар тақдимотида маданиятларни бойитиш, маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, ўзаро ҳурмат ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашдаги унсурларнинг тарихий ўрни ва аҳамиятини атрофлича очиб берувчи видеофильмлар намойиш этилди. Тадбир иштирокчилари ипак етиштиришнинг анъанавий технологиялари, кейинги йилларда Ўзбекистонда ипакчиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган салмоқли ишларга алоҳида эътибор қаратдилар. Аҳоли орасида машҳур ва севимли фольклор қаҳрамони саналган Хўжа Насриддиннинг Бухоро шаҳрида қад ростлаган ноёб ҳайкали катта қизиқиш уйғотди.

Таъкидланишича, Репрезентатив рўйхатга киритилган Ўзбекистон элементларининг умумий сони 11 тага етди. Илгари бу рўйхатга "Бахши", "Лазги", "Палов", "Аския", "Миниатюра", "Наврўз", "Шошмақом" ва бошқалар киритилган эди. Атлас ва адрас тайёрлашнинг анъанавий технологияларини сақлаш бўйича Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази Номоддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш бўйича етакчилар реэстридан жой олган.

 

    Бошқа янгиликлар