Владимир Норов Буюк Британиялик ҳамкасбини Ўзбекистонга таклиф қилди

СИЁСАТ 02.12.2022, 14:21
Владимир Норов Буюк Британиялик ҳамкасбини Ўзбекистонга таклиф қилди

2022 йил 1 декабрь куни ЕХҲТ Вазирлар кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Лодз шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Буюк Британия Ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва ривожланиш ишлари бўйича давлат котиби Жеймс Клеверли билан учрашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Суҳбат чоғида ҳам икки томонлама, ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилинган.

Парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш, икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари вакилларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш ва турли соҳаларда тажриба алмашиш масалалари юзасидан фикр алмашилган.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги, куни кеча Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Буюк Британия савдо ва саноат кенгашининг 26-йиғилиши доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш зарурлиги қайд этилган.

Маълум қилинишича, икки давлат ҳам бой тарихий меросга эга бўлиб, бу жабҳада маданий ва илмий алоқаларни чуқурлаштириш имкониятлари мавжуд. Томонлар илм-фан ва таълим муассасалари, музей ва кутубхоналар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, бу борада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш тарафдори эканлигини билдиришган.

Томонлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини аниқлаш мақсадида турли даражадаги мунтазам алоқаларни давом эттиришга келишиб олишган.  В.Норов британиялик ҳамкасбини Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қилган.

Учрашувда минтақавий ва халқаро кун тартибининг айрим масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1