Мудофаа вазирлигида бир гуруҳ спортчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлар тантанали равишда топширилди. Бу ҳақда вазирлик хабар бермоқда.

Таъкидланишича, 2022 йилги мавсум якунларига кўра, Мудофаа вазирлиги спортчилари жами 581 та турли даражадаги медалларни қўлга киритган. Шундан халқаро турнир ва мусобақаларда 213 та (84 та олтин, 57 та кумуш, 72 та бронза), республика миқёсида эса 368 та (180 та олтин, 113 та кумуш, 75 та бронза) медал жамғарилган.
Спорт тарихида номлари муҳрланган катта лейтенант Давлат Бобонов ва кичик сержант Диёра Келдиёрова ўз вазн тоифаларида жаҳон рейтингининг карвонбошига айланди. Боку шаҳрида ўтказилган “Катта дубулға” турнирида тарихда илк бор ўзбек дзюдочи қизи Д.Келдиёрова жаҳон рейтинги пешқадамига айланиб, 1-ўринни эгаллади. Тошкентда ўтган жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритган Д. Бобонов эса олтин медалини давлатимиз раҳбари қўлидан қабул қилиб олди.
Тадбирда Мудофаа вазирлигининг ўнга яқин спортчиларига навбатдаги ҳарбий унвонлар топширилди. Эътирборлиси, эришилган юқори натижалари учун Давлат Бобоновга муддатидан олдин “катта лейтенант” унвони берилди.






