АсосийJamiyat

Халқ таълим вазири мактабларда қиш мавсумини ўтказиш бўйича келиб чиқаётган муаммоларни ўрганди

'Халқ таълим вазири мактабларда қиш мавсумини ўтказиш бўйича келиб чиқаётган муаммоларни ўрганди'ning rasmi

7 декабрь куни Халқ таълими вазирлигида умумтаълим муассасаларининг қиш мавсумини беталофат ўтказиш, мактабларда юзага келаётган муаммоли ҳолатлар ва уларнинг ечимига бағишланган тезкор йиғилиш бўлиб ўтди.

Вазир Бахтиёр Саидов мактабларнинг қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ва бу борадаги жойлардаги мавжуд муаммоларга тўхталиб ўтди.

Жумладан, синфхона ва бошқа ўқув хоналаридаги мўътадил ҳарорат, иссиқлик етказиш ускуналари ва қозонхоналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича ҳудудларда олиб борилаётган жараёнлар атрофлича таҳлил қилинди.

— Барчамиз яхши англаб турибмиз, об-ҳавонинг кескин совиб кетиши ва бунинг натижасида иссиқлик таъминотига бўлган эҳтиёжнинг ортиши натижасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида электр энергиясида узилиш ёки газ босимининг пасайиш ҳолатлари кузатилмоқда”, — деди вазир ўз сўзи давомида. — Бундай мураккаб вазиятда жойлардаги барча мутасаддилар мавжуд ҳолатни қатъий назоратга олган ҳолда, маҳаллий ҳокимликлар билан бирга зарур чораларни кўриши керак.

Таъкидланишича, бугунги кунда мазкур йўналишдаги муаммоларни тезкор ҳал этиш ва назорат қилиш мақсадида ҳар 3 та мактабга биттадан ходим масъул қилиб бириктирилган. Улар ҳар кунлик аҳволидан хабардор бўлиб, муаммоларни тезкор бартараф этиш чораларини кўрмоқда.

— Юртимиздаги 10 мингдан ортиқ мактабларда таҳсил олаётган миллионлаб ўқувчилар бизнинг фарзандларимиз, шу юртнинг болалари. Уларнинг сифатли ва қулай шароитларда таълим олишларини таъминлаш соҳада меҳнат қилаётган барча масъуллар олдида турган биринчи вазифадир. Шундай экан, биз мана шу ҳақиқатни тўла англаган ҳолда меҳнат қилишимиз, бор кучимиз ва эътиборимизни шу мақсад йўлида сарфлашимиз зарур”, — деди вазир ўз сўзини якунлар экан.

Йиғилиш сўнггида қиш мавсумини ўтказиш билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги хабарларни қабул қилиш мақсадида Ишчи штабларда ташкил этилган Ишонч телефонларининг узлуксиз ишлашини доимий назорат қилиш муҳимлиги айтиб ўтилди. 

Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилиш учун махсус мулоқот каналларини йўлга қўйиш, қўшимча имкониятларни ишга солишга доир масъулларга муҳим тавсиялар берилди.

Шунингдек, мактабларда иссиқлик билан муаммо юзага келган ҳамда cовид билан касалланиш ҳолатлари кўпайган тақдирда маҳаллий ҳокимликлар билан келишган ҳолда мактабларни вақтинчалик бир ҳафталик таътилларга чиқариш чораларини кўриш бўйича тавсиялар берилди.

    Бошқа янгиликлар