Россия ва АҚШ ўзаро маҳбусларни алмашди

ДУНЁ 09.12.2022, 08:55
Россия ва АҚШ ўзаро маҳбусларни алмашди

Россияда гиёҳванд моддалар контрабандаси айблови билан судланган америкалик баскетболчи Бриттни Грайнер АҚШда ноқонуний қурол етказиб берганликда айбланиб 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган россиялик Виктор Бутга алмаштирилди. Бу ҳақда CNN’га таяниб, Meduza хабар берди.

Россия ташқи ишлар вазирлиги алмашинув амалга оширилганини тасдиқлаган. Жараён 8 декабрь куни Абу-Даби аэропортида бўлиб ўтган. "Бут аллақачон Россияга қайтиб келган", дейилади хабарда.

"Грайнер АҚШга кетаётган самолётда", деди АҚШ президенти Жо Байден. Америка раҳбари, АҚШ вице-президенти ва баскетболчининг турмуш ўртоғи Грайнер билан телефон орқали суҳбатлашган. Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Байден тез орада алмашинув тўғрисида нутқ сўзлайди.

CNN’нинг таъкидлашича, яна бир америкалик — Россияда жосусликда айбланиб, судланган Пол Уилан алмашинув келишувга киритилмаган. Унинг адвокати сўзларига кўра, америкалик колонияда қолади, унинг алмашинуви бўйича музокаралар давом этмоқда.

Ёзда Россия ва АҚШ Грайнер ва Уиланни Америкада судланган руслардан бирига алмаштириши мумкинлиги ҳақида музокара ўтказаётгани маълум бўлганди. Алмашиш учун номзод эса, Бут экани қайд этилган.

Маълумот учун, 55 ёшли Виктор Бут россиялик тадбиркор бўлиб, 2012 йилда АҚШда ноқонуний қурол етказиб берганликда айбланиб 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бут айбини рад этиб келади.

31 ёшли Бриттни Грайнер АҚШ ва Россияда ўйнаган энг яхши замонавий баскетболчилардан биридир. У 2022 йил февраль ойида Шереметево аэропортида ҳибсга олинган. Тергов маълумотларига кўра, у юклари орасидан топилган гашиш сабаб гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланган. Аёл 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Грайнер айбини тан олган.

52 ёшли Пол Уилан АҚШ, Ирландия, Канада ва Буюк Британия фуқароси. 2020 йил июнь ойида Москва шаҳар суди уни жосусликда айбдор деб топиб, 16 йилга озодликдан маҳрум қилган. Уилан айбини тан олмаган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
+4.97° app.небольшой дождь
Валюта курси
11269.82
USD -31.77
12205.22
EUR -115.77
159.78
RUB -2.8
1