Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Россия президенти Владимир Путин бу йил йиллик шахсий саммитини ўтказмайди. Бу ҳақда Ҳиндистон ҳукуматидаги манбага таяниб, хабар қилинди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса ТАСС агентлигига жаноб Путин жаноб Моди билан 2022 йил охиригача учрашишни режалаштирмаганини айтган.
Аввалроқ Bloomberg агентлиги саммитни бекор қилиш тўғрисидаги қарор зиддият вақтида “Путиннинг ядровий қуролдан фойдаланиш тўғрисида яширин таҳдидлари”дан сўнг қабул қилингани ҳақида хабар берган эди. Анонимлик шарти билан гапирган Ҳиндистон ҳукуматидаги манбанинг айтишича, саммитни ўтказмаслик қарори ядровий жиҳат туфайли эмас, анча аввалроқ қабул қилинган.
Исмини ошкор этилмаган россиялик мулозимнинг айтишича, Ҳиндистон саммитга мезбонлик қилмаслик қарори Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистонда бўлиб ўтган саммитида яққол намоён бўлган ва у ерда Ҳиндистон бош вазири Россия президентига ҳозир “уруш даври эмас” деган.
Моди ва Путин сентябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтган минтақавий хавфсизлик блоки саммити доирасида учрашган ва бу йил ҳам бир неча бор телефон орқали гаплашган. 2000 йилдаги стратегик шериклик декларациясига мувофиқ, Россия ва Ҳиндистон етакчилари ҳар йили учрашадилар, 2020 йилда саммит пандемия сабабли ўтказилмаган.






