Ўзбекистонда 2022 йил мобайнида 50 дан ортиқ тотализатор ва букмекерлик рекламасини ноқонуний равишда юритувчи сайтларга кириш мутасадди идоралар орқали чеклаб қўйилди. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, республикада тотализатор ва букмекерлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ўрганишлар давомида 162 та ҳолатда бундай хизматлар рекламаси аниқланган ва уларнинг барчаси бартараф этилган. Шуниндек, 50 дан ортиқ тотализатор ва букмекерлик рекламасини ноқонуний равишда юритувчи сайтларга кириш мутасадди идоралар орқали чеклаб қўйилган.
"Реклама тўғрисида"ги янги таҳрирдаги қонун билан энергетик ичимликлар рекламасига доир қўшимча талаблар ўрнатилган бўлиб, эндиликда ташқи реклама ва ахборот объектлари орқали жойлаштиришга йўл қўйилмайди. Мазкур талабларга риоя этилиши юзасидан биргина октябрь-ноябрь ойларида республика бўйлаб ўтказилган 1520 та мониторинг тадбирларнинг 472 тасида камчиликлар аниқланган.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилади ва реклама мазмунининг таржимаси қўшимча равишда бошқа тилларда такрорланиши белгиланган. 39 215 та объектда ўтказилган шундай ўрганишлар давомида уларнинг 11 555 тасида хато ва камчиликлар аниқланган.






