Шавкат Мирзиёев Учтепа тумани Найман маҳалласидаги оилавий болалар уйи билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев Учтепа тумани Найман маҳалласидаги оилавий болалар уйи билан танишди ва пойтахт фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказди.
Учтепа туманидаги мазкур оилавий болалар уйи 2 қаватли бино Миллий гвардия томонидан реконструкция қилиниб, 12 та оила учун шароит яратилган. Барча хонадонлар маиший техника, мебель ва хўжалик жиҳозлари билан таъминланган.
Президент 4 нафар етим болани ўз қарамоғига олган Иномжон ва Дилдора Давлатовлар хонадонига ташриф буюрди.
"Болажонлар ўз оиласи бўлишини орзу қилгани, давлат эътибори билан бу орзуси ушалганини айтишди. Ота-оналарнинг ўз фарзандлари ва тарбияга олинган болалар шу ердаги 238-умумтаълим мактабида таълим олади", — дейилади хабарда.

Мажмуада 2 та спорт зали, мини-футбол стадиони, ўйин ва воркаут майдончалари, ёзги саҳна, хиёбон ташкил этилган. Манзарали ва мевали дарахт ниҳоллари экилган. Томорқада рўзғорбоп маҳсулотлар етиштирилади. Давлат раҳбари ўқув ва спорт тўгаракларини кириб кўрди, ёшлар билан суҳбатлашди.














