1

“Баҳодир Ялангтўш” тарихий-бадиий фильмини тасвирга олиш павильонида пресс-тур ташкил этилди (фото)

МАДАНИЯТ 14.12.2022, 17:45
“Баҳодир Ялангтўш” тарихий-бадиий фильмини тасвирга олиш павильонида пресс-тур ташкил этилди (фото)

“Ўзбекфильм” киноконцерни” катта павильонида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда суратга олинаётган режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Баҳодир Ялангтўш” тарихий-бадиий фильми тасвирга олиш майдонида пресс-тур бўлиб ўтди. Унда darakchi.uz мухбири ҳам иштирок этди.

Пресс турда фильм ижодкорлари ҳамда “Ёшлар”, “Ўзбекистон 24”, “Ренессанс ТВ”, “Маданият ва маърифат”, “Кинотеатр” каби телеканаллар ходимлари ва бошқа ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Янги павильонда кинофестиваль меҳмонлари “Баҳодир Ялангтўш” тарихий фильмининг эпизоди суратга олинганига гувоҳ бўлдилар. Меҳмонлар режиссёр камерасида суратга олиш жараёнларини кузатиб, ижодий жамоа ва фильм актёрлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.


Маълумот учун, фильм афсонавий Самарқанд Регистонининг яратувчиси – Баҳодир Ялангтўш ҳақида ҳикоя қилади. У Регистон майдонида “Шердор” ва “Тиллакори” мадрасаларини бунёд этган.
XIV Тошкент халқаро кинофестивалида “Ўзбекфильм” киноконцерни”нинг янгиланган павильони намойиш этилган ва “Баҳодир Ялангтўш”  тарихий фильмини суратга олиш ишларига старт берилган эди.



– “Бир неча йил аввал ушбу павильон аянчли аҳволда эди, кино ишлаб чиқариш замонавий ускуна-жиҳозларни талаб қилар эди. Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг кинематографияни ривожлантиришга қаратаётган эътибори туфайли реконструкция қилиниб, жаҳон андозалари даражасида фильмлар суратга олиш имконини берувчи ускуналар билан жиҳозланди. Тарихий фильмлар яратилиши бу муҳим жараёндир. Ўз навбатида биз киноижодкорлар ҳам ўзбек миллатининг забардаст вакиллари, тарихий ва ўчмас сиймолари ҳақида кинокартиналар суратга олишимиз лозим. Бир неча йиллардан буён ўзбек кинематографиясида ҳам тарихий фильмлар олинишига урғу берилаяпти. Айнан “Баҳодир Ялангтўш” фильми эса олдинги фильмларимиздан фарқли ўлароқ янгича замонавий пaвильионда, шу билан бирга энг сўнгги русумдаги камераларда тасвирга туширилмоқда. Бу эса фильмнинг янада сифатли ва томошабоп бўлишига ўз ҳиссасини қўшмасдан қолмайди”, — дейди “Ўзбекфильм” киноконцерни” директори Баҳодир Одилов.



Янги панорамали павильон энг юқори замонавий бадиий ва технологик савияда фильмлар суратга олишга ихтисослашган. Агар илгари йирик блокбастерлар ва жанговар фильмлар хромакей ёрдамида суратга олинган бўлса, бугун Stage Craft технологиясидан фойдаланиш билан ҳаммаси глобал миқёсда ўзгаради. Технология битта павильоннинг ўзида юқори сифатли тасвирни олиш имконини беради. Қимматбаҳо декорациялар ўрнига саҳнанинг орқа фонида керакли атмосферани тўлиқ етказиб бера оладиган йирик чоксиз LED панеллар ўрнатилди.
 


Фильм постоновкачи режиссёри  Жаҳонгир Аҳмедов, сценарий муаллифлари Хасан Тошхўжаев, Жаҳонгир Аҳмедов ҳамкорлигида яратилаяпти. Бош ролларни Бекзод Муҳамадкаримов, Матёқуб Матчонов, Бойир Холмирзаев ижро этаяпти.

“Баҳодир Ялантўш – миллий қаҳрамонимиз. Энди, унинг шарофати билан, бутун дунё Регистон майдонининг гўзаллиги ва улуғворлигидан баҳраманд бўлади. XV асрда Мирзо Улуғбек томонидан қурдирилган мадраса ёнида, орадан икки аср ўтиб, унинг буйруғига асосан иккита – Шердор ва Тиллакори мадрасалари қад ростлаган. Афсуски, Баҳодир Ялантўш ҳақида кам маълумотга эгамиз ва Ўзбекистон Президентининг шахсий топшириғига биноан яратилаётган фильм, меъморий меросимиз қандай яратилганини одамларга, айниқса, ёшларга сўзлаб беришга қаратилган. 
Нега айнан ушбу қаҳрамон ҳақида фильм оляпмиз? Назаримда, барча танийдиган қаҳрамонларимиз билан бир қаторда тарихда ўчмас из қолдирган, аммо номи кўп ҳам тилга олинмайдиган Баҳодир Ялангтўш каби шахслар ҳақида фильм қилиш мақсадга мувофиқдир. Ушбу фильм шахсан муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан суратга олинмоқда. Энг сўнгги технологиялар билан ишлаётганимиз ҳам қувонарли ва ўз ўрнида масъулиятлидир. Ўйлайманки, томошабинлар учун яхши савиядаги фильм яратамиз”, — дейди фильм режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1