Қалин туман туфайли кўришнинг ёмонлашиши Тошкент ва Наманган халқаро аэропортларида самолётларни қабул қилиш ва жўнатишни вақтинча чеклаб қўйди. Бу ҳақда "UZBEKISTAN AIRPORTS" хабар бермоқда.
Қалин туман “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг HY614 (Москва — Тошкент) рейсини Бухоро муқобил аэродромига жўнатилишига сабаб бўлган. Бортида 214 йўловчи бўлган самолёт маҳаллий вақт билан 03:23 да Бухорога келиб қўнди. Шунингдек, HY426 (Деҳли — Тошкент) рейси ҳам Бухоро аэропортига йўналтирилди. Кўриш яхшиланганидан кейин иккала самолёт ҳам Тошкентга қайтиб учиб келган.
“Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг HY23/24 (Тошкент — Бухоро — Тошкент) рейси бироз кечиктирилди. HY23 рейси маҳаллий вақт билан 10:52 да Бухорога келиб қўнди ва 11:53 да Тошкентга жўнаб кетди.
Бундан ташқари, “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг HY9662 (Екатеринбург — Тошкент), HY3196 (Сеул — Тошкент), HY274 (Истанбул — Тошкент), HY708 (Владивосток — Тошкент), HY9646 (Москва — Тошкент) йўналишларидаги рейслари Навоийдаги муқобил аэродромга йўналтирилди. Шунингдек, Россиянинг “Аэрофлот” авиакомпаниясининг Минералние Води — Тошкент йўналиши бўйича AFL1870 рейси Навоийга жўнатилди.
“Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг HY18 (Нукус — Тошкент) ва HY336 (Жидда — Тошкент), Озарбайжоннинг “Азал” авиаташувчисининг АHY5031 (Боку — Тошкент), “Форт Аэро”нинг ФРХ513 чартер рейси Самарқандга муқобил аэродромга жўнаб кетди.
“Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг Перм — Наманган йўналиши бўйича HY9802 рейси Фарғона аэропортига йўналтирилди ва маҳаллий вақт билан соат 01:51 да Фарғонага келиб қўнди.
HY9620/9619 (Москва — Наманган — Москва) рейси учиш вақти 18 декабрдан 19 декабрга ўзгартирилди. Самолёт белгиланган аэропортга маҳаллий вақт билан 16:10 да жўнайди.
19 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 16:40 га белгиланган HY9619 (Наманган — Москва) рейси эса 20 декабрга кўчирилди. “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг HY9805 (Наманган — Самара) ва HY9806/9829 (Самара — Наманган — Екатеринбург) рейслари ҳам кечиктирилди.
"S7" авиакомпаниясининг SBI5567/5568 (Новосибирск — Наманган — Новосибирск) рейси; "Air Arabia" авиакомпаниясининг G785 (Наманган — Шаржа) ва G785 (Шаржа — Наманган — Шаржа) рейслари; "Red Wings" авиакомпаниясининг WZ4483/4484 рейслари (Москва — Наманган — Москва); шунингдек, "Jazeera Airways"нинг J9645 рейси (Қувайт — Наманган — Қувайт) Наманганда об-ҳаво шароити яхшиланмагунча кечиктирилди.
Наманган аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилиш ва жўнатиш учун чекловлар ҳамон амалда.






