Олий судда ўтказилган очиқ суд мажлисларида 4 та жиноят иши бўйича 173 нафар қатағон қурбонига нисбатан Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди. Бу ҳақда “darakchi.uz” мухбири хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2022 йил 12 декабрь куни Олий судга 173 нафар шахсга оид 4 та жиноят иши келиб тушиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди.

Бош прокурор ўринбосари томонидан қўйилган жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция протестини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномалар ҳамда апелляция тартибида протестлар келтирилган.
Бугун, 19 декабрь куни ушбу жиноят ишлари Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисларида келтирилган ушбу илтимосномалар ва протестлар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 4 та жиноят иши бўйича 173 нафар шахсга нисбатан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди.
“Охирги икки йилда совет даврида қатағон қилинган 235 нафар ватандошимиз реабилитация қилиниб, оқланди. Бугун эса яна 173 нафар ватандошимизга оқлов эълон қилинди. Эътибор берсак, рўйхатда бир хил фамилиялар кўп, яъни бир оиладан бир нечта одам жиноий жавобгарликка тортилган. Иш кўриб чиқилганда фуқароларга қўйилган айбловлар ўзбек халқини буйсундириш мақсадида қилинган ҳаракат эканлиги исботини топди. Келгусида бу каби оқлов ишлари яна давом этади”, - дейди Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов.






