Одам савдоси билан боғлиқ яна бир жиноят аниқланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 13 декабрь куни Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари томонидан ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, 1978 й.т. Юқори Чирчиқ туманида яшовчи (M.У.) шахс наманганлик 19 ва 27 ёшли опа-сингилни алдаб, ишончига кириб, уларни мўмай даромад топишга ишонтириб, Тошкент-Ҳиндистон авиа йўналиши орқали фоҳишалик билан шуғулланишлари учун юбормоқчи бўлган вақтида Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортда қўлга олинди.
Аниқланишича, ушланган шахснинг шаръий никоҳдаги хотини ҳозирги кунда Ҳиндистон давлатида бўлиб, қизларни кутиб олиши ва уларни фоҳишалик қилишлари учун шароит яратиши ҳамда эр-хотин бунинг ортидан мўмай даромад топишни режалаштирган бўлган. Ҳатто қизларнинг Ҳиндистонга бориш ва виза харажатларини ўзлари тўлаб берган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахс ва унинг хотинига нисбатан Қибрай тумани ички ишлар бошқармаси Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135 моддаси (одам савдоси) 2 қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, жиноятга алоқадор бўлган, муқаддам Паркент туманида яшаган бугунги кунда Ҳиндистон давлатида бўлиб турган 32 ёшли аёлни ушлаш (экстрадиция қилиш) чоралари кўрилмоқда.
Маълумот ўрнида қайт этиш жоизки, вилоят ички ишлар бош бошқармаси тезкор ходимлари томонидан 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида 8 та ҳолатда 15 нафар шахс қўлга олинган. Тадбирлар натижасида 12 нафар шахснинг, жумладан, 9 нафар аёлнинг одам савдоси қурбони бўлишининг олди олинишига эришилган.