Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев музокараларни икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.
Давлатимиз раҳбари кўп қиррали ва ўзаро манфаатли Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигининг барча йўналишларида салмоқли натижаларга эришилаётганини таъкидлади.
- Халқларимиз тарихи ва тақдири чамбарчас боғлиқ, биз эту тирноқ бўлиб кетганмиз, долзарб масалаларни биргаликда ҳал қилаяпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз шу кунларда бутун Ўзбекистон бўйлаб қозоқ халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Абай Қўнонбоевнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар ўтаётганини эътироф этди.
Ўз навбатида Қозоғистон Президенти икки томонлама муносабатларнинг бугунги юксак даражасини мамнуният билан қайд этди.
- Муштарак тарихга, халқларимизнинг қардошлик ришталарига таяниб, Қозоғистон ва Ўзбекистон мустаҳкам, уйғун муносабатларни йўлга қўйдилар, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Қозоғистон етакчиси бугун имзоланадиган шартномалар янги уфқлар очиши ҳамда икки мамлакатнинг янада яқинлашишга муштарак интилишларини тўлиқ ифода этишини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёевга бунёдкорона сиёсати ва Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган улкан ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, ушбу ислоҳот Ўзбекистон тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлишига ишонч билдирди.
Икки томонлама ҳамкорликнинг ўзаги иқтисодиёт экани, икки мамлакатнинг улкан салоҳиятидан фойдаланишга эътиборни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Президент Остона шаҳри марказида буюк ўзбек шоири, давлат арбоби Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш ҳақида қарор қабул қилингани учун миннатдорлик билдирди.
- Бу умумий тарихимиз ва маданиятимизга катта эҳтиромнинг ёрқин тасдиғи, қардош халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари абадийлиги рамзидир, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари умумий маданий-тарихий меросимизни ўрганиш ва оммалаштириш бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш, шу мақсадда ТВ, радио ва веб-сайтдан иборат қўшма ахборот ресурсини ташкил этиш, буюк ёзувчи ва шоирларимиз асарларини нашр қилишни таклиф этди.
Музокаралар якунида икки давлат ҳукуматларига эришилган барча келишувлар ижросини қатъий назоратга олиш ва тегишли “йўл харитаси”ни келишиш топширилди.