Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари энергетика, геология қидируви ва табиий газ бўйича лойиҳаларни илгари суришга келишиб олишди

СИЁСАТ 22.12.2022, 15:51
Ўзбекистон  ва Қозоғистон Президентлари энергетика, геология қидируви ва табиий газ бўйича лойиҳаларни илгари суришга келишиб олишди

Ўзбекистон  ва Қозоғистон Президентларининг  кенгайтирилган таркибда давом эттирилган музокараларида икки томонлама ҳамкорликнинг ўзаги иқтисодиёт экани, икки мамлакатнинг улкан салоҳиятидан фойдаланишга эътиборни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Хусусан, охирги беш йилда икки давлат ўзаро савдо ҳажми икки баробардан зиёдга ортган. Жорий йил якунида эса беш миллиард долларга яқинлашади. Талаб юқори бўлган маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш орқали яқин йилларда товар айирбошлашни каррасига ошириш мақсадида Бош вазирлар ўринбосарлари бошчилигида ишчи гуруҳ тузиш ва қўшма ташқи савдо компаниясини ташкил этишга келишиб олинди.

Кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган. Давлат раҳбарилари бугун энергетика, автомобилсозлик, кимё, электротехника, қурилиш, логистика ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳаларга старт берилишини қайд этишди.

- Ҳозирда лойиҳаси ишлаб чиқилаётган Халқаро саноат кооперацияси маркази янги лойиҳаларни шакллантириш учун муҳим майдон бўлишига ишонаман, - деди Ўзбекистон давлат раҳбари.

Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликнинг улкан салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. 

Яна бир муҳим йўналиш – энергетика. Давлат раҳбарлари энергетика қувватларини модернизация қилиш ва қуриш, геология қидируви ва табиий газни чуқур қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни илгари суришга келишиб олдилар.

Транзит салоҳиятидан фойдаланиш ва уни ошириш ҳамкорликнинг муҳим соҳаларидан бири сифатида қайд этилди.

- Бугун биз юк ташишларнинг барқарор ўсишига эришдик, икки томонлама ва транзит ташишлар учун қулай шароитлар яратишга келишдик.

Юк ташиш ҳажмини бир неча баробар ошириш мақсадида транспорт инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилган лойиҳаларни тезлаштиришга аҳдлашиб олдик, - деди Шавкат Мирзиёев.

Президентлар парламентлараро мулоқотлар ва маданий-гуманитар алмашинувларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш муҳимлигини таъкидлашди.

Ўзбекистон етакчиси олий даражадаги барча келишувлар ижросини мониторинг қилиш учун Парламентлараро кенгаш имкониятларидан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1