Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Ўзбекистон-Саудия Арабистони бизнес-форумида нутқи давомида муҳим масалаларга тўхталмоқда.
"Биз банк-молия соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш, жумладан, соғлом рақобатни шакллантириш, хорижий банкларни фаол жалб этиш, давлат банклари улушини қисқартириш, самарали фонд бозорини яратишни мақсад қилганмиз.
Банкларни тижорийлаштириш давом эттирилиб, банк активларида хусусий секторнинг улуши 60 фоизга етказилади", — Хўжаев.

Шунингдек, вазир, барқарор ривожланиш лойиҳаларини амалга ошириш ва яшил энергетика, инфратузилма, сув таъминоти, озиқ-овқат хавфсизлиги, тиббиёт, таълим ва бошқа соҳаларда, жумладан, давлат-хусусий шериклик тамойилларининг асоси бўйича ҳам катта имкониятларни кўрилмоқдалигини маълум қилди.
"Жуда қисқа вақт ичида биз бу борада сезиларли ютуқларга эришдик. Ўзбекистон биргина энергетика соҳасига давлат-хусусий шериклик механизмлари орқали 8 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этди.
Ташқи савдони янада эркинлаштириш, экспорт-импорт фаолияти учун қўшимча қулай шароитлар яратиш бўйича ишлар давом этмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда импорт божлари 8 минг номдаги маҳсулотга нисбатан камайтирилди.
Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширмоқдамиз. Айни пайтда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар 300 миллион истеъмолчини қамраб олган минтақавий бозорларга эркин савдо режимида чиқиш имконига эга.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг кенгайтирилган "GSP+" тизими доирасида Ўзбекистондан олти мингдан ортиқ номдаги товарлар имтиёзли шартларда Европа бозорларига экспорт қилиниши кутилмоқда", — Хўжаев.






