Тошкентда "Мўъжизалар даври" 21 йиллик хайрия ярмаркаси ўтказилди. Маълумот учун, "Мўъжизалар даври" Марказий Осиёдаги ягона платформа бўлиб, у ногиронлиги бор ёшларни касбга йўналтириш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласини илгари суради.
Хайрия ярмаркаси 2003 йилдан буён ҳар йили кўнгиллилар ташаббускор гуруҳи томонидан ўтказиб келинмоқда.



Ярмаркада 400 нафар бола томонидан 2000 дан ортиқ ижод намуналари: расмлар, откриткалар, юмшоқ ўйинчоқлар, зардўзлик, батик, мунчоқ, каштачилик, заргарлик буюмлари ва бошқа кўплаб нарсалар иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди. Шунингдек, чегарасиз туризм, экологик масъулиятни ошириш, экотизимларни сақлаш ва табиатга ҳурмат борасидаги билимларни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, тадбир давомида ногиронлиги бор ёшларнинг фаоллигини оширишга қаратилган учрашувлар, маҳорат дарслари, катта муваффақиятларга эришган ногиронлиги бор шахслар, Паралимпия ўйинлари совриндорлари ва Ҳамдўстлик мамлакатлари меҳмонлари иштирокида видео интервьюлар ўтказилди.



Хайрия ярмаркаси давомида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги ўртасида кўнгиллилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган меморандум имзоланди.
Кўргазманинг асосий мақсади ижтимоий кўмакка муҳтож ва ногиронлиги бор болаларнинг ўзини ҳар томонлама намоён қилишига, касбий иқтидорини шакллантиришига, келажакда етук кадрга айланишига ва тўлақонли ҳаёт қуришига барча шароитларни яратиб бериш кераклигини кўрсатишдан иборат.




Бундан ташқари, ишбилармонлар, хайрия ва халқаро ташкилотлар вакиллари, пойтахт аҳолиси ва меҳмонларнинг эътиборини ногиронлиги бор, етим ва оғир шароитда яшайдиган болаларга қаратиш, болаларнинг ижодий ташаббусларини ҳар томонлама рағбатлантириш ҳам мақсад қилинган.
Маълум қилинишича кўргазмадан тушган маблағлар болаларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш мақсадида масъул иштирокчи ташкилотларга ажратилади.






