АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда аёллар полоси бўйича илк мусобақа ўтказилди

Ўзбекистон Поло федерацияси ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлмади. Икки йиллик тажрибага...

'Ўзбекистонда аёллар полоси бўйича илк мусобақа ўтказилди'ning rasmi

Ўзбекистон Поло федерацияси ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлмади. Икки йиллик тажрибага эга ушбу федерация бугун бир қатор самарали ишларни амалга оширишга улгурди.

Биргина мисол, 24 декабрь куни илк маротаба аёллар лигасининг дастлабки беллашуви бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳрининг "Бибихоним" жамоаси майдонда Тошкент вилоятининг "Барчиной" жамоаси билан куч синашди. Ҳар бир жамоа 3 нафардан чавандоз билан ўз гуруҳи шарафини ҳимоя қилди. 20 дақиқадан иборат 3 чакер давом этган беллашувлар эса ўзига хос тарзда ўтди.

Бизга маълум қилинишича, мусобақа аёллар ўртасида мамлакатимизда илк маротаба ўтказилмоқда. Ушбу натижа билан Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида ҳам биринчи бўлди.

Натижаларга тўхталадиган бўлсак, Тошкент вилоятининг "Барчиной" қизлари 6:3 ҳисобида рақиб жамоани ортда қолдирди ва Бош вазир ўринбосари Кубогига эга чиқишди.

Мусобақада бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси, Ўзбекистон Аёллар Поло лигаси раиси З.Махкамова, Олий Мажлис сенати сенатори Д.Тошмухаммедова, Поло федерацияси раиси ўринбосари Д.Aлимбекова ва бошқалар меҳмон сифатида иштирок этишди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 11 мартида давлатимиз раҳбарининг “Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5024-сонли қарори қабул қилинган эди.

Учқун Намозов

    Бошқа янгиликлар