Тошкентда яна бир катта меҳмонхона иш бошлади. Пойтахт марказида қад ростлаган Мир Люкс меҳмонхонаси бош вазир ўринбосари — Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов томонидан тантанали очиб берилди.

"Бугун Ўзбекистонга сайёҳлик мақсадида ташриф буюрувчилар сони сезиларли ошди. Ўтган йилларда 1,5 миллион атрофида одам ташриф буюрган бўлса, сўнгги йилда бу 5 миллионлик кўрсаткични қайд этмоқда. Шунга кўра, юртимизда меҳмонхона ва хизмат кўрсатиш соҳалари ривожи ҳам бир мунча кўпайди. Деярли ҳар куни Ўзбекистоннинг қайсидир нуқтасида янгидан-янги меҳмонхоналар очилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, ислоҳотлар натижасида бу йил ноябрь ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 113 570 ўринли 4879 та жойлаштириш воситалари фаолият кўрсатиб келмоқда. Шундан 939 таси меҳмонхона, 3180 таси оилавий меҳмон уйи, 556 таси ҳостел, 204 таси эса бошқа жойлаштириш воситаси ҳисобланади. Яқин вақт ичида эса Ўзбекистонда илк бор яшил технология асосида лойиҳалаштирилган янги экомеҳмонхона очилиши кутилмоқда", - деди Бош вазир ўринбосари.
Вазир ўз нутқида айни дамда юртимизда маҳаллий ва хорижий туристлар оқимини кенгайтириш мақсадида катта ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Шунингдек, бугунги каби меҳмонхоналар очилиши туристларга янада қулайлик яратишини қайд этди.
Тадбирга ташриф буюрганлар ва оммавий ахборот воситаларига янги меҳмонхона шароитлари ва имкониятлари таништирилди.

Меҳмонхонада турли тоифадаги 100га яқин хонадан иборат бўлиб, у 120 иш ўрнидан иборат. Янги меҳмонхона вокзал ва аэропортга жуда яқин бўлган Успенский собори ва Миробод бозори яқинида жойлашган. Меҳмонхона яқинида Хитой, Россия, АҚШ ва Буюк Британия байроқлари ҳилпираб турибди.
Таъкидланишича, сайёҳлар ва ташриф буюрувчилар махсус ошхона таомидан татиб кўриш учун меҳмонхонадан чиқиб кетиш шарт эмас. Меҳмонхонада сайёҳларга тўққизинчи қаватдаги 120 кишига мўлжалланган ресторанда овқатланиш имконияти яратилган. Шу билан бирга, кўпроқ шахсий муҳитда дам олишни истаган меҳмонлар 24 соатлик хона хизматидан фойдаланиши ва тўғридан-тўғри хонага овқат ва ичимликлар буюртма қилишлари мумкин.







