АсосийЖАМИЯТ

Тошкентда Дунё озарбайжонликлари бирдамлиги куни муносабати билан бир гуруҳ ўзбекистонликлар тақдирланди

Тошкентда Ҳайдар Алиев номидаги маданият марказида 31 декабрь – Дунё Озарбайжонликлари Бир...

'Тошкентда Дунё озарбайжонликлари бирдамлиги куни муносабати билан бир гуруҳ ўзбекистонликлар тақдирланди'ning rasmi

Тошкентда Ҳайдар Алиев номидаги маданият марказида 31 декабрь – Дунё Озарбайжонликлари Бирдамлик куни ва Янги йил байрами муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Унда Озарбайжон ҳақида Ўзбекистонда 2022 йил учун эълон қилинган танлов ғолибларига совғалар топширилди.

Тадбирда Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси, "Ўзбекистон-Озарбайжон" дўстлик жамияти, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раҳбарияти, Ўзбекистон фан, маданият, санъат ва таълим намояндалари, маҳаллий озарбайжонликлар, олий ўқув юртлари талабалари ва ўқитувчилару, журналистлар иштирок этди.

Меҳмонлар дастлаб Маданият маркази олдидаги буюк йўлбошчи Ҳайдар Алиев ҳайкали пойига гуллар қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов кириш сўзида дунё озарбайжонлиларининг бирдамлик куни ҳақида маълумот бериб, 1991 йил 16 декабрда Нахчиван Мухтор Республикаси Олий Мажлисининг биринчи йиғилишида буюк йўлбошчи Ҳайдар Алиев қарори билан 31 декабрь Дунё озарбайжонларининг бирдамлик куни деб эълон қилинганини таъкидлади. 

Қайд этилишича, бугунги кунда ҳамжиҳатлик байрами дунёнинг 70 дан ортиқ давлатида истиқомат қилаётган 50 миллиондан ортиқ озарбайжонликлар томонидан нишонлаб келинади. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам. Қайд этиш керак, 2022 йил Озарбайжон-Ўзбекистон муносабатлари учун омадли йил бўлди: Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бир йилда уч марта Ўзбекистонга ташриф буюрди, мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорлиги стратегик иттифоқ даражасида юксалди ва Тошкент шаҳрининг Миробод туманида Ҳайдар Алиев хиёбони очилди. 

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳри 2023 йилда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти томонидан дунёнинг туризм пойтахти, Шуша шаҳри эса ТУРКСОЙ ташкилоти томонидан Турк дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилингани эътироф этилди.

Кейин Озарбайжон ҳақида эълон қилинган 2022 йилги танловнинг турли номинациялар бўйича Ўзбекистонда ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Журналистлар қуйидаги номинациялар бўйича тақдирланди:

“Шуша – Озарбайжоннинг маданият пойтахти” номинациясида Turkona.uz ахборот сайти раҳбари Давронбек Орипов;

Ўзбекистонда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” муносабати билан "darakchi.uz" сайти бош муҳаррири Фарида Игамбердиевага махсус мукофотлар топширилди. 

Шунингдек:

“Озарбайжон-Ўзбекистон дўстлиги ва ҳамкорлиги бўйича йил телекўрсатуви” номинациясида 

“Менинг юртим 5” телеканалининг “Хуш кўрдик” кўрсатуви журналисти Манучеҳр Қаландарзода,

Озарбайжоннинг “RealTV” телеканалининг “AFISHA” кўрсатуви бошловчиси Улвийя Ҳусейнова,

“BİZtv” телеканали муҳаррири Жалолиддин Мирзаев,  

Озарбайжоннинг “CBC” телеканали муҳаррири Фуад Агамалиев, 

“Ўзбекистон тарихи” кўрсатуви бошловчиси Дилдор Хасанова, 

"Авторадио" Тошкент радиоси дастурлар директори Назира Иноятова мукофотга лойиқ кўрилди. 

“Турк давлатлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик”ни тарғиб қилгани учун:

 Ўзбекистоннинг “Uza.uz” ахборот агентлиги бош муҳаррири Ғайрат Канназаров,  

“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, 

“Тошкент ҳақиқати” газетаси бўлим мудири Сергей Мутин махсус мукофотлар билан тақдирланди.

Ўзбекистонда “Йилнинг энг яхши таржима лойиҳаси” номинацияси бўйича:

Таниқли Озарбайжон шоираси Хуршидабону Нотавон,

Аҳмад Жавод асарларини ўзбек тилига таржима қилган ўзбек таржимони Шахло Қосимовага топширилди. 

Бундан ташқари, Озарбайжон-Ўзбекистон дўстлик алоқалари ривожланиши йўлида “Фаол давлат, маданият ва илм ходими” номинацияси бўйича Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Гулбаҳор Саидғаниева, Ўзбекистон Миллий университети кафедра мудири Нигинахон Шермуҳамедова, Тошкент муҳандислар институти ўқитувчиси Раъно Қодировалар тақдирланди. 2022 йилда Озарбайжон-Ўзбекистон дўстлиги ва ҳамкорлигини кенг тарғиб қилаётган Озарбайжон Республикаси Миллий маданият маркази вакиласи Меҳрибон Раҳимова ва Ўзбекистон Миробод тумани "Темирйўлчилар" маҳалла қўмитаси раиси Гулнор Меҳралиевалар махсус мукофот билан тақдирланди. 

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида “Турк давлатлари ўртасидаги тарихий дўстлик, иқтисодий алоқалар ва транзит имкониятлари ҳақида қизиқарли таҳлилий-эксперт нутқи” номинациясида Ўзбекистонлик таҳлилчи-эксперт Абдували Сойибаназаров, Шарофиддин Тўлаганов ва “azon.uz” ахборот портали журналисти Нурбек Ғофуровга мукофотлар топширилди. Давлатлар орасида дўстлигимизни тарғиб қилган Озарбайжон журналистлари ҳам тақдирланди. Хусусан Озарбайжон диаспора журналистларини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси раиси Фуад Ҳусейнзода ва Озарбайжоннинг “innews.media” ахборот сайти ижрочи директори Баҳруз Маммадовлар мукофотга лойиқ кўрилди.

Маълумот учун: Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан эълон қилинган танлов ғолиблари фахрий ёрлиқ ва пул мукофотлари билан тақдирланади. 

Якунда Озарбайжон маданият маркази томонидан тайёрланган байрам концерти намойиш этилди. Концерт дастурида таниқли хонандалар хусусан Озарбайжонлик Воҳид Алиев, Фотима Искандарова, Рена Азизова, шунингдек, Ўзбекистонлик Темур Раҳманов, Азиз Мадумаров миллий  Озарбайжон қўшиқларини ижро этдилар.

 

    Бошқа янгиликлар