1

Қатардаги жаҳон чемпионатига машинада кетган ўзбекистонликлар Тошкентга етиб келди (видео)

СПОРТ 30.12.2022, 22:45
Қатардаги жаҳон чемпионатига машинада кетган ўзбекистонликлар Тошкентга етиб келди (видео)

Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида миллионлаб мухлислар, дунёнинг турли бурчакларидан келган туристлар орасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилган Ўзбекистон  делегацияси Тошкентга қайтиб келди. 

Кеча, 29 декабрь куни Туризм ва маданий мерос вазирлиги биноси олдида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Абдураҳмон Фозилов, "Туризм фидойиси" кўкрак нишони соҳибаси, блогер Асал Сапарбаева, автоблогерлар Иброҳим Икромов, Отабек Жўраев ва Ўзбекистон фан-клуби аъзоларидан иборат делегацияни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Бош вазир ўринбосари — Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов нутқ сўзлаб, айни дамда давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда туризм соҳаси ривожига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида делегация томонидан юртимизнинг туризм салоҳияти тарғиб қилингани эса, албатта, Ўзбекистоннинг дунёга янада танилишига, хорижий туристлар оқимининг кенгайишига ҳисса қўшишини алоҳида қайд этди.

“Бу каби лойиҳалар юртимизнинг довруғини бутун дунёга танитишга хизмат қўшади. Мақсад туризмни янада ривожлантириш, Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини оширишдир”, - қўшимча қилди у.

Маросимда сўзга чиққан Абдураҳмон Фозилов эса ташаббус учун Туризм ва маданий мерос вазирлигига миннатдорлик билдирди.

"Биз Қатарга шунчаки дам олгани ёки саёҳат қилгани борганимиз йўқ. Бутун дунёда Ўзбекистонни билмайдиган, танимайдиган турист қолмасин, дунёни ватанимизнинг жозибасидан янада кўпроқ хабардор қилиш эди. Ўзбекистон туризм бренди акс эттирилган махсус автокарвонда йўлга чиққанимиз ҳам бежизга эмас. Қатаргача дунёнинг бир неча давлатини автомобилларда босиб ўтдик. Ҳар бир давлатда маҳаллий ва хорижий туристларга Ўзбекистон ҳақида маълумотлар жамланган қўлланмалар, юртимиз бренди акс этган кийимлар ва бошқа нарсаларни совға қилдик. Ўзбекистон ҳақида янада кенгроқ маълумот бердик. Уларни юртимизга саёҳат қилишга ундадик. Қозоғистон, Озарбайжон, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони каби давлатларда бизни катта қизиқиш билан тинглашди. Ўзбекистонни саёҳат рўйхатига албатта қўшишини айтганлар ҳам талайгина бўлди. Мақсадимиз ҳам шу эди", - деди у. 

Абдураҳмон Фозилов Қатарда дунёнинг турли чеккаларидан келган мухлислар Ўзбекистонга катта қизиқиш билдирганини таъкидлади.

"Хорижликлар юртимиз бренди туширилган кийимларга қизиқиб қолишди. Ўзбекистон ҳақида эшитмаганларга юртимизни танитдик, туризм борасидаги имкониятларини тарғиб қилдик. Ҳар бир хорижлик сайёҳда Ўзбекистон ҳақида ижобий тушунча шакллантиришга ҳаракат қилдик. Турли давлатлардан келган мухлисларга Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан берилган, юртимизнинг туризм бренди ва салоҳияти акс этган қўлланмалар, журналларни тарқатдик. Ҳатто хорижий телеканаллар ҳам бизга қизиқиш билдирди, Ўзбекистон ва ўзбекистонлик мухлислар ҳақида кўрсатувлар тайёрлади", - дея қўшимча қилди у. 

Дарҳақиқат, жаҳон чемпионати давомида Франциянинг "ТФ1" биринчи ва энг қадимги миллий телеканали Ўзбекистон ҳақида кўрсатув тайёрлади. Бунга эса делегациямизнинг Франция — Дания ўйинида юртимиз байроғини стадионнинг кўзга кўринадиган томонига ўрнатгани сабаб бўлди. Чунки ўйинда гол урган таниқли француз — Килиан Мбаппе рақиб дарвозасига урган голини айнан Ўзбекистон байроғи фонида нишонлади. Айнан шу сурат футболчининг 74 миллион атрофида кузатувчиси бор Инстаграмдаги саҳифасидан жой олди ва катта ҳажмда илинган байроғимиз мухлислар эътиборини тортди.

Mbappé, héroe inesperado en Uzbekistán – Diario Deportivo Más

"Французлар қизиқувчан халқ, — деди Абдураҳмон Фозилов. — Мбаппенинг суратига билдирилган фикрларда бунга яна бир бор гувоҳ бўлдим. Байроғимизни кўрмаган, танимаган французлар интернет орқали қидириб топиб, Ўзбекистон байроғи экан, дея изоҳлар қолдиришди. Демакки, юртимизни танийдиган хорижликлар сони янада ошди".

Шундан сўнг Бразилиянинг "Глобо" нашри ҳам ҳамюртларимиз иштирокида дастур эфирга узатди.

"Телеканал ходимлари алоқага чиқиб, Ўзбекистон ҳақида, сизлар ҳақингизда кўрсатув қилмоқчимиз дейишганида фахрланиб кетдим, — деди Абдураҳмон Фозилов таассуротлари ҳақида гапираркан. — Чунки "Глобо" португал тилида юритиладиган дунёдаги биринчи йирик телеканал ҳисобланади. Биз учун Ўзбекистонни янада кенгроқ тарғиб қилиш имкони пайдо бўлганди. Кўрсатувда юртимизнинг имкониятлари, туристик даражаси юқори эканлигини бутун дунёга англатишга ҳаракат қилдик".

Тадбир давомида делегация аъзолари Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан туризм тарғиботига қўшган ҳиссаси учун тақдирланди. Азиз Абдуҳакимов Абдураҳмон Фозиловга "Туризм фидоийси" кўкрак нишони топширди.

Тадбир давомида мухлислар ўртасида турли ўйинлар ўтказилди. Шунингдек, Абдураҳмон Фозилов Қатардан олиб келган футбол тўпларини энг фаол мухлисларга улашди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1