АсосийЖАМИЯТ

Янги йилга қандай тайёрланиш керак?

Кўчаларда, хонадонларга аллақачон Янги йилни қаршилашга тайёргарлик бошланган. Ранг-баранг...

'Янги йилга қандай тайёрланиш керак?'ning rasmi

Кўчаларда, хонадонларга аллақачон Янги йилни қаршилашга тайёргарлик бошланган. Ранг-баранг чироқлар, ясатилган арчалар, ғамлаб қўйилган мева-чевалар… Аммо булар билан иш битмайди. Тажрибали психологлар ҳаётингизнинг янги жабҳаси бошланишига алоҳида тайёргарлик кўришни тавсия этишади. Қуйида муҳим қоидалар билан таништирамиз!

1.Эскилардан воз кечамиз! Байрам олди уйингизни яхшилаб саришталашингиз аниқ. Бу жараён чангларни артиш, кўрпа-тўшакларни қоқиш билан кифояланиб қолмаслиги керак. Уйдаги нақ 40 та эски нарсани олиб чиқиб ташланг. Булар учи учган пиёла, йиллар давомида йиғилиб қолган қоғозлар, кийишга яроқсиз кийимлар бўлиши мумкин. Агар кичрайган ёки вазнингизга мос бўлмай қолган кийим-кечалар бўлса, уларни яхшилаб кўздан кечиринг-да, зарур бўлган кишиларга бериб юборинг. Унутманг, кераксиз нарсалар ортиқча юк бўлади. Уларни ташлаб юборишга қўрқманг, уйингизда жой бўшатсангиз, ўрнини тўлдиришга янгиси келади.

2.Кечиринг ва кечирим сўранг! Ички оламингизда, қалбингизда ҳам тозалаш ишларини олиб боринг. Йил давомида сизни хафа қилган ёки сиз хафа қилган инсонларингиздан кечирим сўранг. Буни юзма-юз амалга ошириш балки сиз учун қийиндир, ёки у инсон билан энди учрашишнинг иложи йўқдир. Тинч жойда ўтириб хаёлан ундан узрингизни сўранг ёки қилган иши учун кечирганингизни, уни тушунингизни айтинг. Бу вазифани ҳар куни ҳар кечқурун амалга оширинг.

3.Тугалланмаган ишларни тугалланг. Ўз қўлингизда бўла туриб, орқага сураётган ишларингизни якунига етказинг. Агар бўйнингиза қарзларингиз бўлса, имкон қадар уларни қайтаринг. Уйнинг коммунал тўловларини ҳам амалга оширинг. Кейинги йилга ортиқча маъсулият билан ўтманг.

4.Ўзингизга рухсат беринг. Йил давомида амалга оширишни истаган орзунгиз учун ҳаракат қилинг. Балки бирор нарса ўзингизга туҳфа этишни истагандирсиз, эҳтимол соч турмагингизни ўзгартирмоқчидирсиз. Агар бу каттароқ ва қолган 23 кунда амалга ошириш имконсиз бўлган тақдирда, бу орзу сари қадам ташланг. Саёҳатни режалаштирганмидингиз, у учун ҳеч бўлмаганда озгина пул ажратинг, хорижга чиқиш паспортга ариза топширинг. Бормоқчи бўлган давлатингизни ўрганинг. Ишонинг, ҳаммаси кичик қадамлардан бошланади.Бугун бу қадамни ташламасангиз, кейинги йилингиз ҳам зумда ўтиб кетади.

5.Шукроналик хати ёзинг. Ҳаётингизда катта ўзгаришясашимумкин бўлган бу вазифани ҳам амалга оширишни ортга сурманг. Дафтар ва рангли ручкалар сотиб олсангиз бас. Ҳар куни ўтган йил учун дафтарингизга 20 тадан шукроналик истагини ёзинг. Масалан, ҳар тонг уйғонганингиз учун, хасталикни бошдан кечирган бўлсангиз, уни енгганингиз учун, фарзандларингизнинг ютуғи учун... Хуллас, ҳар куни 20 та ёзишингиз шарт! Шунда 23 кунда 460 та бўлади. Қачонки инсон борига шукр қилса, шунда ҳаётида барака бўлади.

6.Режаларни қоғозга туширинг. Келаётган йилда нималарни кутаяпсиз? Қандай ишларни амалга оширмоқчисиз?Олдингизга қандай мақсадлар қўяяпсиз? Ҳаммасини қоғозга туширинг. Яна такрорлаймиз, дангасалик қилманг.

7.Байрам совғасини тўғри танланг. Улар албатта қимматбаҳо бўлиши эмас, инсонни орзулар сари бошлаши лозим. Масалан, болангизга глобус туҳфа этинг. Токи унда дунёни кўриш истаги ва ҳаракати уйғонсин!

Шоира Вафоева тайёрлади

    Бошқа янгиликлар