Янги йил байрамига тайёргарлик кўп оилаларда ноябрь ойиданоқ бошланади. Шундай экан, байрам учун мазали таомномани ҳозирданоқ режалаштириб қўяверинг. 2023 — қуён йилида айнан қайси таомлар дастурхонни безаши ёки умуман узоқроқ туриш мумкин бўлган емаклар сизни қизиқтиряптими? Кайфият берувчи безакларчи?Қуйида берилган маълумотлар сизга фойдали бўлади.
Энг асосийси, дастурхонга қуён гўшти қўйманг!
2023 йилги Янги йил таомномаси нафақат келгуси йилнинг рамзларини, балки чиқиб кетаётган йил —Йўлбарсни ҳам хурсанд қилиши керак. Шундай қилиб, таомнома тузишда асосий қоидани ёдингизда сақланг. Дастурхонда қуён ёки қуён гўшти қўшилган бошқа салат, таомлар бўлмаслиги керак. Гарчи бизнинг мамлакатда қуён гўшти у қадар кўп истеъмол қилинмаса-да, баъзилар учун у меҳр билан ейиладиган гўшт ҳам ҳисобланади. Яъна шуни ҳам таъкидлаш керакки, гарчи қуён ўтхўр ҳайвон бўлса ҳам, биз байрам дастурхонини гўшт маҳсулотларисиз тасаввур қилолмаймиз.
Мазали газаклар кайфият беради
Таомлар ўз йўлига, газакларсиз байрам дастурхонини тасаввур қилиш мумкинми? Аксарият хонадонларда холодецларнинг турли хилини пишириш аллақачон урфга кирган. Ушбу совуқ газак чиндан ҳам иштаҳаочар. Одатда, хантал ёки қизил аччиқ қўшимчабилан байрамона дастурхондан жой олади.Дунёнинг турли ошхоналарида бу газакнинг ўзига хос номлари бор: Грузияда — музхужи, Молдовада — ресол, Германияда — бравн. Мол, қўй гўштлари, баъзида эса товуқ ва курка гўштларидан ушбу газак тайёрланади.

Ранг-баранг брускетлар
Байрамона оқшомда ва ҳатто якшанба куни оилавий кечки овқат вақтида ҳам брускетлар дастурхонда ажойиб қўшимча бўлишади. Жуда кўп мазали енгил таомлар мавжуд бўлган столда сиз узоқроқ ўтиришни ва самимий суҳбатлашишни хоҳлайсиз, шундай эмасми? Яна ҳам яхши тарафи шундаки, мазали брускетларни тайёрланиши катта харажатни талаб қилмайди. Оддийгина батон нонларни қарсилдоқроқ ҳолатга келтириб бироз пишириб оласиз. Пишлоқ, помидор, колбаса, салат барглари ва зайтун ёки лимондан фойдаланиб кичик шаклда кесилган қарсилдоқ нонларни безатиб чиқасиз. Агар сизда брускетларни қўйиш учун шишали тарелка ёки патнослар бўлса, камхарж газакларингиз мафтункор кўринади.
Салатларсиз ҳаммаси беҳуда
Байрамларни салатларсиз тасаввур қилиш мумкинми? Айниқса,Янги йил байрамини? Асло! Дастурхонда салатларнинг ўрни беқиёс. Менимча, деярли ҳамма хонадонда оливе салатини тайёрлаш урфга айланган. Аммо яна бир қанча, ажойиб таъмли салатларни дастурхонга тортиқ этиш ҳам мумкин. Масалан, тунец балиғи ва барра сабзовотлардан тайёрланган енгилгина салат ҳам фойдали ва ҳам меъдангизга урмайдиган даражада ёқимли. Жилла қурса ўзингиз биладиган доимий салатларни бошқача услубда идишларга жойлаб, бирозгина нордонроқ мевалар билан безатсангиз ҳам, янгилик яратган ҳисобланасиз.

Иккинчи таомга нима?
Норин, қизартириб пиширилган товуқ гўшти ёки шунга ўхшаш доимий таомлардан зерикдингизми? У ҳолда янгилик яратишдан қўрқмаслик керак. Иккинчи таом учун энг юмшоқ таом бу французча услувда пиширилган мол гўшти. Унинг нозик ва майин мазаси оғзингизда эриши аниқ.
Сабзавот ва меваларни аяманг.
Юқорида айтилганидак қуён ўтхўр ҳайвон. Шунинг учун ҳам қанча кўп турли хил салатлар, сабзавот қўшилган салат, газаклар тайёрласангиз, шунча яхши бўлади. Гўшт, пишлоқ ва балиқлардан фойдаланишни ҳам унутманг. Пишлоқли маҳсулотларни алоҳида ва гўшт маҳсулотларини алоҳида, сабзавот ва меваларни алоҳида идишларга тақсимлашингиз сизнинг дидингиздан далолат беради.

Дастурхонни ўз қўлларингиз билан безанг
Байрамда нафақат мазали овқатланиш, балки меҳмонларни чиройли кутиб олиш учун столни ўзига хос тарзда безаш ҳам асосий деталлардан бири.
- Энг биринчи қоида дастурхон безатишда уйнинг умумий услубига мувофиқликни эътиборга олинг. Яъни, уйингиздаги жиҳозларга, девор рангига мос тушмайдиган идишлардан қочинг. Байрам, айниқса, Янги йил байрами учун дастурхон ҳар кунгидан ёрқинроқ бўлиши аниқ. Аммо уйни безашда уни концепциянинг қолган қисми билан бирлаштириш ҳам муҳимдир.
- Иккинчидан эса агар жойингиз тор туйилса, ортиқча идишлардан воз кечинг ва ёки кичикроқ идишлардан фойдаланинг. Ва ҳар қандай ҳолатда, Янги йил байрами учун сиз уйингизда мавжуд бўлган энг катта столдан фойдаланишингиз керак бўлади.
- Учинчидан ўзаро мутаносибликка аҳамият беринг. Яъни ҳар бир детал ўз ўрнида тургани муҳим. Дейлик, стол дастурхон билан қопланган, шу билан бирга унинг учлари тахминан 30-40 сантиметрга осилганлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Болалар учун сиз қизиқарли расмлар туширилган идишлар олишингиз мумкин. Лекин асло, бир марталик идишлардан фойдаланманг. Бу дастурхондаги жозибага путур етказади. Бемалол ҳаракатлана олиш учун ичимлик ичадиган стаканларни ўнг томонга жойлаштириб чиқинг.
- Тўртинчидан эса шамлардан фойдалнинг. Стол устига қўйилган шам ёғдулари ҳақиқий Янги йил байрами шукуҳини сизга бағишлайди. Агар буни хатарли деб билсангиз, қувват билан ишлайдиган сунъий шамларни бугун исталгн дўконлардан ҳам топишингиз мумкин.
Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА тайёрлади






